Ўзбекистон | 18:00 / 25.12.2018
12659
3 дақиқада ўқилади

Хорижликлар Ўзбекистонга қандай мақсадларда ташриф буюрмоқда? 2018 йил статистикаси

Фото: uzairways.com

2018 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрганларнинг 39,4 фоизини қариндош-уруғлар ва таниш-билишларининг олдига келган хориж фуқаролари ташкил қилган. Иккинчи энг йирик респондентлар сегменти 33,6 фоиздан иборат бўлиб, уларнинг мамлакатимизга келишдан мақсади меҳнат таътилини мазмунли ўтказиш ва дам олиш бўлган. Кейинги ўринни Ўзбекистонга бизнес ва профессионал мақсадларда ташриф буюрганлар эгаллаган – 9,1 фоиз. 5,7 фоиз респондент даволаниш ва соғломлаштириш мақсадида келганини маълум қилган. Шоппинг, яъни харидларни амалга ошириш мақсадида ташриф буюрганлар эса 5,4 фоизни ташкил қилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ахборот-таҳлил маркази томонидан тузилган статистик ҳисоботлар жамланган “Туризмнинг оқ китоби 2018”да шу ҳақида маълум қилинган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонга қариндошлари ва танишлариникига келадиганларнинг аксариятини қўшни мамлакатлар фуқаролари ташкил қилади: Қозоғистон (26,6 фоиз), Тожикистон (20,2 фоиз), Қирғизистон (19,2 фоиз), Туркманистон (16,1 фоиз). Ушбу контекстда Россия фуқаролари ҳам салмоқли ўринни эгаллаган – 15,1 фоиз. Умуман олганда, Ўзбекистонга қариндошлар ва танишлариникига ташриф буюрган респондентлар орасида қўшни мамлакатлар фуқаролари 97 фоизни ташкил қилган.

Ўзбекистонга меҳнат таътилини мазмунли ўтказиш ва дам олиш учун ташриф буюрганлар кўрсаткичи эса қуйидагича: Қозоғистон фуқаролари – 17,2 фоиз, РФ фуқаролари – 10,4 фоиз, Қирғизистон – 8,5 фоиз, Хитой – 7,7 фоиз,Туркманистон – 6,8 фоиз, Франция – 5,9 фоиз, Тожикистон – 5,8 фоиз, Ҳиндистон – 5,7 фоиз, Италия фуқаролари – 4,9 фоиз.

Маълумотларга кўра, узоқ хорижий мамлакатлар фуқароларининг аксарияти Ўзбекистонга дам олиш ва бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ташриф буюради. Масалан, Ҳонконг фуқароларининг барчаси мамлакатимизга дам олиш учун келганини маълум қилган. Қолган мамлакатлар бўйича кўрсаткичлар қуйидагича: Австралия – 89,4 фоиз, Нидерландия – 87,1 фоиз, Италия – 86,3 фоиз, Франция – 85,1 фоизни, Буюк Британия – 84,9 фоиз, Германия – 80,2 фоиз, АҚШ – 78,2 фоиз, Хитой – 75 фоиз, Жанубий Корея – 70,3 фоиз.

Шунингдек, Ўзбекистонга зиёрат туризми мақсадида келганлар ҳам алоҳида қизиқиш уйғотади. Зиёрат туризми бўйича Ўзбекистонга ташриф буюрганларнинг аксариятини Туркманистон фуқаролари ташкил қилган – 33,9 фоиз. Умуман олганда эса мазкур йўналишда Марказий Осиё мамлакатлари (Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон) ва РФ фуқаролари умумий кўрсаткичнинг 65,1 фоизини ташкил қилади. Осиё-Тинч океани мамлакатлари респондентлари – 15,6 фоизни, Европа фуқаролари – 12,8 фоизни ва Яқин Шарқ мамлакатларидан келганлар 6,4 фоизни қайд этган.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид