Бугун Англия Премьер-Лигасида «Boxing Day». Нафақат Премьер-Лига, балки Англиянинг барча профессионал лигаларидаги жамоалар навбатдаги тур ўйинларини бошлашади. Бу кунда футбол ўйнаш Англияда одат тусига кирган, ҳар йилнинг сўнгги ҳафтасига АПЛ бир эмас, бир нечта тур ўйинларини сиғдириб, мухлисларга ўзига хос байрам совға қилади.

BOXING ЭМАС, BOX
Boxing Day тушунчаси футбол оламида баъзан бироз нотўғри тушунилади. Йилнинг сўнгги ўн кунлигида Англияда бир нечта тур ўтказилишини эътиборга олиб, кўпчиликда, бу термин ҳақида бироз нотўғри фикр шаклланган. 

Аслида бу терминнинг илдизи Boxing, яъни «бокс» эмас, «The Box» яъни «қути» маъносини англатади. Тарихда Christmas (25 декабрь) байрамнинг эртасида зодагонлар ўз хизматкорларига дам олиш имконини берганлар ва уларга қутида совға беришган. Бу кунни алоҳида байрамга айланиши айнан ўша одатга асосланади, кейинчалик, бу кунда инглизлар бир-бирларига қутиларда совға улашишга одатланишди. 

Бир нечта спорт турларида, хусусан футболда ҳам 26 декабрда футбол ўйинларини ўтказиш урфга кирди ва ҳар йили бу санада ҳафтанинг қайси куни бўлишидан қатъи назар тур ўйинлари ўтказиладиган бўлди. Шунинг учун ҳам, кўпинча чемпионатнинг 18-19 турларига тўғри келадиган бу кунга алоҳида эътибор бериладиган бўлди ва алоҳида ҳисоб китоблар юритилиши мухлислар учун қизиқдир. 

Албатта, биратўла ўша сўнгги ўн кунликни эътиборга олиб, «Боксинг Дэй»ни умумий қилиб, 3-4 тур деб тушунилиши у қадар зарар эмас. Филологияда ҳам бутунни қисм билан ифодалаш қоидалари бор, масалан. Таҳлилчилар, журналистлар орқама-орқа ўтказиладиган мана шу турларни умумий маънода мана шу атама билан номлашлари тушуниш учун ҳам, бу кунларнинг ўзига хослиги нуқтаи назаридан ҳам у қадар нотўғри туюлмайди.   

ФУТБОЛ БИЛАН ТЕНГДОШ BOXING DAY
Яна бир қизиқ тарафи футболдаги Boxing Day тушунчаси, қайсидир маънода футбол ўйини билан ҳам тенгдошдир. 1860 йилнинг айнан 26 декабрида футбол тарихида илк футбол учрашуви сифатида қайд этиш мумкин бўлган ўйин бўлиб ўтганди. 

1855 йилда «Шеффилд» Крикет жамоаси аъзолари футбол тўгарагини ташкил қилишади, бироз ўтиб эса, футбол тарихидаги илк футбол клуби – ФК «Шеффилд» ташкил топади. Аввалига жамоа аъзолари фақат ўзаро ўйнаб юришди. Доим қандайдир асосда футболчилар иккига бўлинар, гоҳ бўйдоқларга уйланганлар, гоҳ малла сочлиларга қора сочлилар куч синашишарди.