25 декабрь куни Англия Рождествони нишонлади ва яна футбол ўйнашга тайёр. Бир асрдан зиёд вақт давомида бу кунда футбол ўйнаб келган инглизларда табиийки, майдондаги вазиятлардан ташқари ажойиб воқеаларнинг гувоҳига айланишган.
Мисол учун, Питер Крауч жамоаси билан «Ҳаддерсфилд»га сафар қилади, демак эртароқ йўлга отланиши керак. Аммо унинг айтишича, хотини, таниқли модель Эбби Клэнси эрига байрам дастурхони тайёрлаб беришни рад этибди.
«Мен хотинимга эртароқ тушлик қилишни таклиф қилдим, аммо бу гапим унга ёқмади. Мен байрам куни эрталаб соат тўққизда туриб, сенга картошка тозалаб беришимни кутсанг, адашасан, деди у. Илк учрашган пайтларимизда у ювошроқ эди. Ҳозир бошқача. Хуллас, эрталаб совғалар, нонушта, тамом, мен ўйинга кетаман», – деди ҳужумчи.
Бу ҳали ҳолваси. Қўйидаги ажойиб ҳикоялар сизга байрам кайфияти ва футбол, бунинг устига қишнинг совуғи биргаликда «Манчестер Сити»нинг ҳужумларидан ҳам чиройлироқ комбинацияларни ташкил эта олишига исботдир.
Туманда дарвозабон йўқолиб қолди

Сарлавҳа бозорда «ойим йўқолиб қолди» деб йиғлайдиган қизалоқ ҳақидаги латифани эсга солса-да, бу воқеа ҳақиқатан ҳам содир бўлган.
«Чарльтон» тарихидаги буюк дарвозабонлардан бири Сэм Бартрэм дегани бўлган. У ҳатто ўз тўйини ўйин кунига белгилаган. Тўй орасида «Мидлсбро»га қарши ўйинга бориб, дарвозани голлардан сақлаб, яна келиннинг олдига қайтиб келган экан.
1937 йилнинг «Рождество»сида эса янада кулгилироқ воқеа содир бўлган. Ўша куни «Чарльтон» сафарда «Челси»га қарши ўйнайди. Стадионни қалин туман қоплаб олгач, ҳакам ўйиннинг 61-дақиқасида ўйинни тўхтатади ва жамоалар ечиниш хонасига йўл олади. Фақат Бартрэм буни билмайди. У ҳамон дарвозада туришда давом этиб, бирор ердан тўп учиб келиб қолмасин деб, бутун диққатини жам қилишга уринарди. Ҳадеганда тўпнинг ва ҳимоячиларнинг кўринмаётгани уни бироз ўйлантирар, аммо бошқа тарафдан, балки жамоамиз тинмасдан ҳужум қилаётгандир, деган фикр уни хотиржам қиларди.
«Менимча, шерикларим «Челси»ни жарима майдонига қамаб ташлашгандир, деб хурсанд бўла бошладим. Совқотиб қолмаслик учун турган жойимда чигалёздини тўхтатмасдим. Лекин ҳимоячилар ўз жойига қайтмаётганидек, демак ҳали гол ҳам урмаяпмиз шекилли, бўлмаса, майдон марказидан бошлаш учун қайтишарди, деб хафа бўлиб ҳам қўяман. Бир икки марта жарима майдони ташқарисига ҳам чиқиб кўрдим, ҳамон ҳеч ким кўринмасди. «Челси»ни яхшигина қийнаяпмизов, деб ўйладим ичимда. Анча ўтиб, олдимда бир шарпа пайдо бўлди. Полициячи экан. «Нима қилиб юрибсиз бу ерда? Ўйинни тўхтатишганига ўн беш дақиқа бўлди, майдонда ҳеч ким қолмади» – деди у. Мен ҳам ечиниш хонасига кирганимда, аллақачон душга кириб чиққан «Чарльтон»даги шерикларим ўзларини кулгидан тўхтата олишмади» – деб эслайди Бартрэм ўз автобиографиясида.
















