Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Унда 2019 йилда тўланадиган солиқ ва мажбурий тўловларнинг миқдори белгилаб берилди.
Қарорнинг якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг солиқлар ва мажбурий тўловларига бағишланган қисмида қуйидагилар келтирилган:
8. 2019 йил 1 январдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ягона солиқ тўловини 4 фоиз ставкада тўлашга ўтказилади;
календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 100 миллион сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинади;
календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми бир миллиард сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни юридик шахслар учун назарда тутилган тартибда тўлайди;
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 2019 йил 1 февралга қадар якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни ҳисоблаш ва солиқлар тўлаш тартибини тасдиқласин.
9. Қуйидагилар:
а) 2019 йил 1 январдан:
бир вақтнинг ўзида мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов ҳақини ойига 2000 сўмга пасайтириш ҳамда маблағларни 18-иловага мувофиқ нормативларга асосан тақсимлаган ҳолда кўрсатилган хизматларнинг умумий қийматидан 15 фоиз ставкада мобиль алоқа хизмати учун акциз солиғи;
бир вақтнинг ўзида полиэтилен гранула бўйича қўшимча фойда солиғини бекор қилган ҳолда 25 фоиз миқдоридаги полиэтилен гранулаларга акциз солиғи;
б) 2019 йил 1 мартдан қатъий белгиланган солиқ билан бир қаторда адвалор ставканинг киритилишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган сигареталарга акциз солиғининг аралаш ставкаси киритилсин.
2019 йил 1 июлдан алкоголь ва тамаки маҳсулотларига белгиланган ставкаларни қўшимча равишда 20 фоизгача оширган ҳолда 2019 йил учун акциз солиғига тортиладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган (кўрсатиладиган) товарларга (хизматларга) акциз солиғи ставкалари 19-иловага мувофиқ тасдиқлансин.














