Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра, қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинди.
Шу вақтга қадар товар айланмасидан фақат ягона солиқ тўлаб келган тадбиркорлик субъектлари учун қўшилган қиймат солиғи тўлаш масаласида қўшимча билимлар талаб этади.
Боз устига, Республикамиз солиққа тортиш амалиётида ҳозирги кунгача ҳеч қўлланилмаган қўшилган қиймат солиғининг соддалаштирилган тартибда тўлаш амалиётининг жорий этилиши турли саволларни туғдириши шубҳасиз.
Биз дастлаб умумий ҳолатда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш амалиёти ҳақида тўхталамиз, кейин соддалаштирилган тартибда қўшилган қиймат солиғи тўлаш тўғрисида тушунча беришга ҳаракат қиламиз.
2019 йилдан бошлаб товар айланмаси 1 миллиард сўмдан юқори бўлган нафақат юридик шахслар, балки юридик шахс ташкил этмасдан якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахслар ҳам юридик шахс сифатида рўйхатда ўтиши ва қўшилган қиймат солиғи тўлаши зарур бўлади.
Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ўз номланиши билан ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ёки савдо жараёнида янгидан яратилган қийматнинг бир қисмини давлат бюджетига ундиришни кўзда тутади. Халқаро амалиётга кўра ҚҚС бюджетга тўланадиган суммасини аниқлашнинг асосан учта ҳар хил усули кенг қўлланилади.
1. Ҳисобдан чиқариш усули.
Бу усулга кўра, корхона бюджетга тўлайдиган ҚҚС суммасини сотиб олинган товарлар қийматини сотган товарлар қийматидан чиқариб ташлаб фарқни аниқлайди ва бу фарққа солиқ ставкасини кўпайтириш йўли билан аниқлайди.
2. Ҳисобга олиш усули.
Ҳисобга олиш усули ёки счёт-фактура усули Европа Иттифоқига кирувчи деярли барча давлатларда ва ҚҚС жорий этилган бошқа кўпгина давлатларда қўлланиб келинмоқда.
Ушбу усулга кўра, корхона томонидан бюджетга тўланадиган ҚҚС суммаси сотилган товарларга (хизматларга) ҳисобланган солиқ суммасидан сотиб олинган товарлар (хизматлар) учун тўланган солиқ суммасини чиқариб ташлаш йўли билан аниқланади.
3. Йиғиш усули.
Ушбу усулга кўра, корхона бюджетга тўлайдиган ҚҚС суммасини янгидан ҳосил қилинган қийматлар компонентлари, иш ҳақи, ижара ҳақи, фоизлар ва соф фойдаларни йиғиб, ҳосил бўлган суммани солиқ ставкасига кўпайтириш йўли билан аниқлайди.
















