Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Kun.uz’га берган интервьюсида бир йил ичида 10 мингдан зиёд педагог мактабгача таълим тизимига сингиб кетганини таъкидлаб ўтди.
— Кадрлар мавзусига тўхталар эканмиз, бугун маълум бир ишлар амалга оширилмоқда, Кореянинг Пучон университети иш бошлади ва бу йил дастлабки талабаларни қабул қилди. Бу йўналишдаги ишларни қандай баҳолайсиз. Ва, умуман, янги кадрларни қандай жалб қилмоқчисиз? Чунки бу соҳада маошлар барибир оз.
— Мактабгача таълим соҳаси ходимининг нуфузи паст бўлишига унинг маоши кам бўлгани ҳам муҳим омил бўлган. Дастлабки кунларданоқ биз ўз олдимизга қўйган биринчи масала мактабгача таълим муассасаси ходимининг имижини юксалтириш бўлди. 2018 йилда тегишли ходимларнинг ойлик иш ҳақи икки марта 40 фоиздан 70 фоизгача оширилди. Кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилади. Шу сабабли, сифатли таълим тизимига эришишимиз учун педагог кадрларга оид масалани ҳал этмоғимиз тақозо этиларди.
Биринчидан, биз мактабгача таълим тизимига педагог, лекин мактабгача таълим тизимида ишлаб кўрмаган мутахассисларни жалб эта бошладик. Шунинг учун, Олий таълим вазирлиги ва вазирлигимиз умумий тўхтамга келиб, 4 ойлик қисқа муддатли қайта тайёрлов ўқув курслари ташкил этилди. Айни пайтга келиб, 10 мингдан зиёд педагог мактабгача таълим тизимига сингиб кетди.
— Бугунги кунда талаб қай даражада? У тўлиқ қондирилдими?
— Йўқ, албатта. Ҳозир янгидан янги мактабгача таълим муассасалари очилаётгани сабабли қамраб олиш даражаси тобора ошиб бормоқда. Бу ўринда хусусий секторнинг улуши катта бўлмоқда. Масалан, 2017 йилда республика бўйича «хусусий боғча»лар 250та бўлган бўлса, бугунги кунга келиб бундай боғчаларнинг сони 639тага етди, давлат-хусусий шериклик механизмининг жорий этилиши шарофати билан яна 389та боғча фаолият кўрсатмоқда.
Айни пайтда биз тадбиркорлар учун ўта жозибали бўлган янги моделларни ишлаб чиқмоқдамиз. Улардан бири — оилавий боғчаларни ташкил қилишдир…
— Бу кўпроқ вилоятларда бўлса керак?
— Албатта, бу асосан вилоятларда ташкил этилади. Лекин айрим ўзгаришлар билан бундай боғчаларни шаҳарда ҳам ташкил этиш мумкин. Бу ерда болаларни қамраб олиш масаласи ҳам, аёлларимизнинг иш билан банд бўлиш масаласи ҳам мужассам. Яъни бир уринишда, бир неча муаммоли масалаларни қамраб олиш ниятидамиз.
— Бу қандай ишлайди? Ҳар қандай аёл ўз уйида болалар боғчаси очиши мумкин бўладими?

















