Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг январида Қорақалпоғистонга ташрифи вақтида халқ вакиллари ҳамда раҳбарлар билан учрашув ўтказган эди. Мажлисда президент ижро ҳокимияти органлари вакилларига кўпроқ халқ дарди билан яшаши кераклиги, пастдаги вазиятни ўрганиб, етарли ечимлар берилиши лозимлигини уқтирганди.
Кўз очиб юмгунча орадан деярли 2 йил муддат ўтди. Вазият ижобий томонга ўзгардими? Раҳбарлар ўз зиммасига олган масъулиятини виждонан бажармоқдами? Ўзбекистоннинг чекка ҳудудида истиқомат қилаётган кишилар олиб борилаётган ислоҳотлар шамолини сезмоқдами? Қишлоқлардаги одамлар кечалари совуқдан қандай омон чиқишмоқда? Келажагимиз бўлган болажонлар ток ўчганда уй вазифаларини қандай қилиб тайёрлашмоқда? Шўр сувни ичаётган халқ ҳокимият вакилларидан розими?
Шундай саволларга жавоб излаб Kun.uz ўзининг «Қишлоқда бир тун» лойиҳасини бошлади. Лойиҳа доирасида Хоразм вилояти, Урганч туманида истиқомат қилувчи шифокор оиласида меҳмон бўлиб, бир тунни шу хонадонда ўтказдик.
Видео: Mover
https://mover.uz/video/embed/coq3PS8m/
Видео: Youtube
Бизга ўз уйидан жой берган инсон Баҳодир ака Бобониёзов Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалини тамомлаган. Ҳозирда мазкур академия филиали ва Урганч туман тиббиёт бирлашмасида фаолият юритади.
«Қиш яқинлашиши билан юрагимизни ҳовучлаймиз. Ўтин, кўмир ва шунга ўхшаш «халоскор»ларни ғамлашни бошлаймиз. Топган маблағимиз рўзғордан ташқари шундай маҳсулотлар ва шамоллашга қарши дорилар сотиб олишга кетади. Чунки, бир уйни зўрға иситамиз. Бошқа уйларимиз доим музлаб ётади. Агар бирдан шу уйларга кириб қолсак шамоллаб қоламиз.
Электр энергияси ҳам етарли берилмайди, тез-тез ўчиб туради. Электр иситиш жиҳозлари ҳам шунинг ҳисобига бузилиб қолади. Ичимлик суви таъминоти ҳам ачинарли аҳволда. Ичадиган сувимиз талабларга жавоб бермайди. Таркибида туз моддаси жуда юқори. Бериладиган кўмир ҳам жуда сифатсиз. Агар тезак қўшиб ёқмасак ёнмайди.

Бизга давлат фақатгина уч ой: декабрь, январь ва февраль ойларида газ берсин, етади. Қолган вақтда суюлтирилган газ билан ҳам кунимизни ўтказа оламиз», - дейди Баҳодир ака.




















