Kun.uz таҳририятига Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳар ҳокими О.Жўраев номига ёзилган билдирги келиб тушди. Билдиргида шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкилотларга 15 декабрдан 15 январгача навбатчилик ташкил қилиш топшириғи берилгани ва шу топшириқнинг 22 декабрдаги ижроси шаҳар ҳокимлиги масъуллари томонидан ташкилотларда текширилгани баён қилинган. Қатор ташкилотларда, масалан, мусиқа мактаби, боғча, коллеж, ғазначилик бўлинмаси, пенсия жамғармаси ва ҳ.к.ларда, навбатчилик ташкил қилишдаги муаммолар аниқлангани баён қилинган.

Ушбу билдирги бизни ҳозирги мақолани ёзишга ундади.

Байрамлар арафасида кўплаб корхона ва ташкилотларда кундузги ёки тунги навбатчиликлар ташкил қилиш йўлга қўйилган. Бундан кўзланган мақсад жамоат хавфсизлигини сақлаш, юзага келиши мумкин бўлган турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш, ўз вақтида бартараф этиш, шунингдек, бу ҳақда ваколатли идораларга тезкорлик билан хабар бериш, дея баҳоланади.

Шу ўринда кўпчиликда айнан байрамлар арафасидаги навбатчилик бўйича саволлар туғилади. Шундай саволларга қонун доирасида атрофлича жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Навбатчиликнинг қандай турлари бор?

Навбатчиликда турадиган ходимлар асосан 3 тоифага бўлинади:

1-тоифа: штат жадвалида бевосита у эгаллаб турган лавозими «навбатчилик» билан боғлиқ бўлган ходимлар. Масалан, аэропортдаги навбатчилар, меҳмонхона навбатчиси, навбатчи диспетчерлар ва ҳ.к. Бундай ҳолларда уларнинг навбатчилиги асосий иш вақти сифатида баҳоланади ва ҳақ тўлаш ҳам умумий тартибда амалга оширилади.

2-тоифа: меҳнат шартномасида ишлаб чиқариш зарурияти ҳамда у эгаллаб турган лавозимнинг хусусияти туфайли асосий иш вақтидан ташқари навбатчиликда туриш белгилаб қўйилган ходимлар. Масалан, бу тоифага шифокорлар яққол мисол бўла олади.

3-тоифа: бу айнан биз кўриб чиқаётган навбатчилик, яъни байрам кунларида жадвал асосида «оператив» ташкил этиладиган бир марталик навбатчиликдир. Ушбу тоифадаги навбатчиликнинг юқоридаги иккитасидан асосий фарқи шундаки, бундай «оператив навбатчилик»ка жалб қилинган ходимлар ўзларининг асосий функционал вазифаларини бажаришмайди. Яъни, бундай навбатчилик вақтида ўқитувчи дарс бермайди, шифокор даволамайди, бухгалтерлар ҳисоб-китоб қилмайди, ҳуқуқшунослар ҳужжатларнинг қонунийлигини текширмайди ва ҳ.к. Улар шунчаки идорада маълум бир соатни ўтказишади. Ёки кино кўришади, ёки телевизор кўришади, ёки китоб ўқишади ва ҳ.к. Хуллас, белгиланган вақтда белгиланган жойда туриб беришса бўлди.