Европанинг ривожланган мамлакатларида билвосита солиқлар ичида ўзининг қамрови ва салмоғи жиҳатидан етакчи ўринни эгалловчи солиқ — қўшилган қиймат солиғидир. Ўзбекистонда 2019 йил учун белгиланган давлат бюджети параметрларида қўшилган қиймат солиғининг улуши энг юқори бўлиб, 35 фоиздан ошади. Шу билан бирга жорий йилдан бошлаб Республикамизда амалга оширилаётган солиқ ислоҳотларида энг катта ўзгаришларга сабабчи бўлган солиқлардан бири ҳисобланади. 

Товар айланмаси 1 миллиард сўмдан юқори бўлган ва қўшилган қиймат солиғини тўлашга 2019 йилдан бошлаб беихтиёр ўтаётган юридик шахсларни ва нафақат уларни ўйлантираётган саволлардан бири — нега қўшилган қиймат солиғига ўтиш жорий қилинди ва бу жамиятга нима беради?
 
Аксарият ҳолларда, жавоб сифатида давлат бюджетида юз бериши кутилаётган йўқотишларни қоплаш мақсадида жорий этилди, дейилади. Тўғри, бу ўзгаришлар бюджетдаги йўқотишларни қоплашга хизмат қилишига шубҳа йўқ, лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Шу ҳақда бугун сўз юритамиз.

Соддалаштирилган тартибда солиқ тўловчи кичик корхоналарнинг шу пайтга қадар қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни тўламаслиги фақат истеъмолчилар учун солиқ юкини камайтириб, корхоналар учун аслида солиқ юкини кўпайтирмоқда. 

Хусусан, ҚҚС бўйича имтиёз берилган маҳсулотни (масалан, аҳолига сотиладиган қурилиш материаллари, коммунал хизматлар, шаҳар йўналишидаги автотранспорт хизматлари ва бошқалар) ишлаб чиқариш учун сарфланган материаллар бўйича тўланган ҚҚС суммасининг ҳисобга ўтказилмаслиги корхоналар учун (ҳисобга ўтказилмаган ҚҚС миқдорида) солиқ юкини ҳосил қилади ва харажат сифатида сотиб олинган хом ашё нархида акс эттирилиб, фойдани камайтиради. 

Шу билан бирга, соддалаштирилган тартибда солиқ тўловчи кичик корхона ишлаб чиқарган маҳсулотлари яримфабрикат ёки оралиқ маҳсулот сифатида кейинги ишлаб чиқариш босқичида фойдаланилса, ундан фойдаланувчи корхона учун қўшилган қиймат солиғи гўёки товар оборотидан олинадиган солиққа айланиб қолади, бу ҳолатда, охир оқибатда ишлаб чиқарилган товарнинг нархи кескин ошишига сабаб бўлади:

Бир хил шароитда ишловчи иккита қурилиш корхонасининг биринчиси учун қурилиш материаллари таъминотчи ҚҚС тўловчи корхона ва иккинчиси учун соддалаштирилган солиққа тортиш тартиби жорий этилган корхона бўлган шароитларда бажарилган ишлар ҳажмининг қиймати турлича бўлишига олиб келади. 

Бизнинг мисолимизда биринчи — моддий ресурсларни соддалаштирилган солиққа тортиш тартибида ишловчи корхонадан сотиб олувчи пудратчи учун фойда миқдори бир хил бўлган шароитда бажарилган ишлар ҳажми қиймати 40986 шартли бирликни ташкил этади ҳамда тўлиқ товаробороти 34155 шартли бирликдан 6831 шартли бирликда ҚҚС тўлашга мажбур, чунки ҚҚСдан чегирма (ҳисобга олиш имконияти) йўқ.