Ўзбекистон | 17:33 / 08.01.2019
15615
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон жаҳон паспортлари индексида ўз позициясини бироз яхшилади

Фото: KUN.UZ

Henley & Partners жаҳон паспортлари янги индексини эълон қилди, унда дунёнинг 200дан ортиқ давлати ва ҳудудларининг виза қоидалари таҳлил қилинади ҳамда визасиз кириш мамлакатлари сони бўйича рўйхат тузилади.

Ўзбекистон ўз позициясини икки ўринга яхшилаб, 82-поғонадан 80-ўринга кўтарилди. Республика фуқаролари визасиз 58 мамлакатга ташриф буюриши мумкин. Яна бешта мамлакатда ҳам худди шундай кўрсаткич: Тожикистон, Сан-Томе ва Принcипи, Мозамбик ҳамда Мавритания.

МДҲ мамлакатлари орасида Украина энг яхши кўрсаткичга эга бўлди (41-ўрин, 128 мамлакат), ундан кейин Молдова (46-ўрин, 122 мамлакат) ва Россия (47-ўрин, 119 мамлакат) жойлашди. Марказий Осиёда Қозоғистон энг юқори кўрсаткичга эга (69-ўрин, 76 мамлакат).

Япония ҳамон етакчилик қилмоқда, ушбу давлат фуқаролари визасиз 190 мамлакатни зиёрат қилишлари мумкин. Иккинчи ўринни Сингапур ва Жанубий Корея (189 давлатдан) бўлишиб олди, учинчи поғона - Германия ва Францияда (188 мамлакатдан).

Муқаддам Виза чекловлари индекси сифатида машҳур бўлган Паспортлар индекси Henley & Partners компанияси томонидан Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) билан ҳамкорликда 2006 йилдан бери эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда фуқароларга паспорт хизмати кўрсатиш тизимини соддалаштириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиши хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид