Ўзбекистон | 08:01 / 09.01.2019
46207
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда қурилаётган уч поғонали йўл ўтказгич қачон фойдаланишга топширилиши маълум бўлди

Тошкент шаҳрининг Оҳангарон ва Паркент кўчалари кесишмасида шу кунгача хали қўлланилмаган 3 қаватли йўл ўтказгични қуриш жараёни қизғин давом этмоқда, деб хабар беради «Ўзбекистон темир йўллари».

Ишларнинг бош режаси «Боштранслойиҳа» АЖ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Унга кўра дастлаб умумий узунлиги 484, кенглиги 26,7 метрни ташкил этувчи туннель қурилади. Мазкур иншоотнинг баландлиги жаҳон стандартларига мос равишда 5,5 метр бўлиб, ҳар икки йўналишда 3 та автомобиль йўлаги барпо этилади. Шунингдек, бу ерда лойиҳа доирасида ёритиш тизими, сув чиқариш ариқчалари қурилади. 

Иккинчи босқичда ер сатҳидан 1 метр баландликда диаметри 50 метрни ташкил этадиган доирасимон йўл ўтказгич қуриш ишлари олиб борилади.

Қайд этилишича, ушбу ҳудудда Махтумқули ва Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи улкан йўл ўтказгич тикланиши ҳам режалаштирилган. Мазкур иншоот Тошкент вилоятининг Паркент, Юқори Чирчиқ, Бўстонлиқ туманлари томон ҳаракатланувчи автомобиллар бошқарувчилари учун қатор қулайликлар яратади. 

Хусусан, мазкур ҳудудларга элтувчи замонавий магистрал бунёд этилади. Унинг натижасида ушбу ҳудудларгача бўлган масофа деярли 20 км.га қисқаради. Йирик йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 618, кенглиги 30 метрни ташкил этади ва 6 та автомобиль йўлагига мўлжалланган бўлади. 

«Ҳозирда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Кўприкқурилиш» трести унитар корхонаси ишчи-ходимлари томонидан туннель қазиш ишлари олиб борилмоқда. Жорий йил охирига қадар лойиҳага киритилган барча иншоотларни тўла қуриб битириш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилган», - дейилади хабарда.

Мавзуга оид