Ўзбекистон | 14:20 / 11.01.2019
29144
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятининг туманларида ҳам кўп қаватли уйлар қурилиши мумкин

Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳри Қорасув массивида қурилаётган замонавий аҳоли массивини бориб кўрди.

Самарқанд шаҳри аҳолисининг уй-жойга эҳтиёжи юқорилигини инобатга олиб, 2018 йилги дастурга қўшимча равишда кўп қаватли арзон уйлар қуриш киритилган эди.

2018 йилнинг ўзида жами 1 минг 344 хонадондан иборат 32 та 7 қаватли кўп қаватли арзон уй барпо этилди. Бундан ташқари, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия хизматчилари ва ёш оилаларга мўлжалланган 5 қаватли 12 та турар жой қуриб, фойдаланишга топширилди. 

Шу билан бирга, ҳудудда хусусий боғча, шаҳар ички ишлар бўлими, савдо ва маиший хизмат мажмуаси, «Регистон» супермаркети қуриб битказилди. 540 ўринли умумтаълим мактаби қурилиши якунланмоқда. 

Шу тариқа, бу ерда қисқа фурсатда замонавий аҳоли массиви қад ростлади. Янги уйларда одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча қулайликлар эътиборга олинган. 

Шу ерда Қорасув массивида 2019 йилда фойдаланишга топшириладиган уйлар лойиҳалари, жумладан, «Агромир билдингс» компанияси томонидан Туркиянинг замонавий технологияси асосида монолит усулида барпо этилаётган кўп қаватли турар жойлар тақдимотлари ўтказилди.

Президент турар-жойлар қурилишининг одамлар ҳаётидаги, ҳудуд инфратузилмасидаги аҳамиятига тўхталди. 

«Самарқанд туризм маркази бўлиши керак. Шунинг учун бу ерда кўп қаватли уйлар қурилишини кўпайтирамиз. Шаҳар марказида энг замонавий талабларга жавоб берадиган уйлар қуриб, аҳолини таъминлаймиз. Уйларни қуришдан олдин унинг эгаси, қайси қаватда, неча хонали уйда яшашигача аниқ бўлиши лозим», – деган давлат раҳбари.

Самарқанд сейсмик жиҳатдан ҳам қулай ҳудудда жойлашгани боис келажакда вилоятнинг Каттақўрғон, Ургут, Пахтачи, Нарпай, Қўшработ туманлари марказларида ҳам кўп қаватли уйлар қурилиши зарурлиги таъкидланди.

 

Мавзуга оид