Қачондир йўл қўйилган хато вақти келиб бир қатор муаммоларга сабаб бўлади. Айниқса, белгиланган меъёр ва қоидаларга амал қилинмай амалга оширилган қурилиш келгусида кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқаради. Хатони кимдир қилади, жабрини бошқа кўради. Бундай ҳолатлар соҳа вакилларининг ўз ишига масъулиятсизларча ёндашганлигидан келиб чиқади.

Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳридан келган мурожаатни жойида ўрганишимиз жараёнида гувоҳи бўлган ҳолатларимиз ана шундай фикр юритишимизга сабаб бўлди.

Kun.uz сайтига мурожаат қилган Қарши шаҳри, «Ғофур Ғулом» маҳалласидаги А.Хўжаев хонадонида бўлдик.

«Уйимиз остидан магистрал ичимлик суви қувури ўтган экан. Шу вақтгача билмагандик. 2018 йил 23 ноябрда хонадонимиз полидан сув сизиб чиқди. Пол ости сувга тўлиб қолган экан. Шундан кейингина уй остидан сув тармоғи ўтганлигини билдик. Қувур ёрилиб кетган экан. Шу пайтгача муаммо ҳал бўлмаяпти», – дейди биз билан суҳбатда А.Хўжаев.

Хонадон эгаси бу ҳолат бўйича Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилган. Ажабланарлиси, хонадондаги ҳолат ўрганилмай фуқарога Қашқадарё вилояти «Сувоқова» ДУК директор Ш.Муродов томонидан жавоб хати келган.

Унда Қарши шаҳар «Сувоқова» филиали ишчи гуруҳи томонидан мурожаатчи иштирокида ҳолат ўрганилганлиги, муаллифга носозлик бартараф этилиши тушунтирилгани айтилган. Аммо А.Хўжаев ҳеч қандай ишчи гуруҳ келмаганлиги, ҳолатни ўрганмаганлиги билдирди.

Маълум бўлишича, ушбу уйлар 1989 йилда давлат томонидан қурилган. Ўша вақтда белгиланган меъёрларга амал қилинмаган ва магистрал ичимлик суви қувури устига улар барпо қилинган. Уйлар учун барча тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб берилган.

Анча йиллар аввал йўл қўйилган хато бугунги кунда ушбу оиланинг азият чекишига сабаб бўлмоқда. Ушбу хонадоннинг ён-атрофидаги уйларда истиқомат қилаётган оилалар ҳам шундай хавф остида яшамоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан шаҳардаги тегишли ташкилотлар мутасаддилари билан учрашдик.

«Мазкур ҳолат юз бергандан кейин эртасига келиб сувни тўхтатдик. Қувурни таъмирлаш ишларини олиб бордик», – дейди «Сувоқова» ДУК Қарши шаҳар филиали бош муҳандиси З.Равшанов.