Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида (ТАТКҲК) қабул қилиш комиссияси “Бошқарув қурилмаларини ишлаб чиқиш ва уларга хизмат кўрсатиш” деб номланган янги факультетга талабаларни қабул қилиш жараёнини бошлади. 

Ҳужжатларни қабул қилиш 2019 йилнинг 15 февралига қадар давом этади, ўқув курси 2019 йилнинг март ойида бошланади.

Янги “Бошқарув қурилмаларини ишлаб чиқиш ва уларга хизмат кўрсатиш” факультети – Пучон Университети (Жанубий Корея) ва Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежининг қўшма лойиҳаси.

“Касб-ҳунар таълими соҳасида халқаро ҳамкорликнинг мақсади жамият тараққиётига ҳисса қўшиш, XXI аср – билим ва ахборот асри талабларига жавоб берувчи юқори малакали кадрлар етиштиришдан иборат. Дизайни ва жиҳозланиши бўйича янги факультет аудиториялари ва лабораториялари Пучон Университетида қабул қилинган стандартларга мос келади. Таълим юқорида айтиб ўтилган университетнинг педагогик технологияларига яқин равишда олиб борилади, иккинчи босқичда эса талабалар Пучон Университетининг айрим профессорлари билан танишадилар”, – дейди ТАТКҲК директори Дмитрий Ли.

Ўқув режаси Пучон Университети томонидан тақдим этилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг стандартларига мослаштирилган. Дастурда корейс тилини кучайтирилган равишда (бошидан бошлаб) ўрганиш назарда тутилган бўлиб, талаба икки йил ичида TOPIK нинг 3-даражасига тайёр бўлади.

Ўқишнинг 1 ва 2-босқичлари Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтади. Ўқиш ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. ТАТКҲКда ўқиш муваффақиятли тамомланганидан сўнг, битирувчига маҳаллий намунадаги диплом берилади.

2-босқични тамомлагандан сўнг, корейс тили бўйича 3-даражани олган (TOPIK) ҳамда махсус фанлардан аъло ва яхши баҳо олган ТАТКҲК талабалари Пучон Университети 3-босқичи бакалавр йўналишига имтиҳонсиз олинади. 4-босқич битирувчи талабаларга Жанубий Корея Республикасида ўқиш йўналиши бўйича бакалавр дипломи берилади.

ТАТКҲКда ўқишнинг бир йиллик тўлови Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг шартнома тузилган санадаги курси бўйича сўмда тўланади ва умумий қиймати 2000 АҚШ долларини ташкил этади.