Давлат раҳбари оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда «тўртинчи ҳокимият»га айланиши кераклигини таъкидлади. Бу кўнгил учун айтилган гап эмас, ғоя. Лекин шу ғояни айнан қандай амалга ошириш мумкин, деган саволни берганимиз йўқ. Ўзи ким кимга савол бериши керак — аввал шуни аниқлаштириб олиш жоиз.

Қонун чиқарувчи, ижро ҳокимиятидагиларнинг иши бошидан ошиб ётибди. Ҳар куни қанча қонун, қанча меъёрий ҳужжат қабул қилиняпти. Яъни ташаббусни юқоридагилардан кутиб ўтириб, таклиф чиқмаса, аразлайдиган замон эмас. Ҳаракатни ўзимиз бошлашимиз керак, деб ёзади Тўлқин Тўрахонов «XXI аср» газетасида (51-сон) чоп этилган мақолада.

2010 йилда эълон қилинган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»нинг учинчи — ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш қисмида ўз вақтида қатор таклифлар илгари сурилганди. Уларнинг аксарияти амалга ошди, ўз натижасини беряпти. Аммо баъзилари — «Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида» ва «Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида»ги қонунларни қабул қилиш масаласи нима бўлди?

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари миллий базаси (lex.uz)га мурожаат қилганда бу борада фақатгина Президентнинг 2011 йил 14 январда қабул қилинган фармойиши намоён бўлади. Унга кўра, ахборот соҳасини ислоҳ қилиш ҳамда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш соҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида дастур қабул қилиниб, жумладан, «Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида» ва «Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Ушбу қонун лойиҳаларининг номини ёзиб қидирсак, «Сизнинг сўровингиз бўйича ҳужжат топилмади» деган ёзув чиқади.

ОАВга қўл остидаги бошқарув тузилмаларининг бири сифатида муносабатда бўлган давлат ҳурфикрлилик, қарашлар эркинлиги ва хилма-хиллиги — жамиятнинг ростгўйлик хислатини йўқотади. Бундай ҳолатда жамият мўртлашиб кетаверади. Ҳар куни ҳукумат фаолиятини ёритиб турадиган, тинимсиз ахборот берадиган бир-иккита ОАВ бўлса етади, қолгани бошоғриқ, деб ўйлаётганлар янглишади.

Биргина мисол —​ Россия Федерациясининг янги йилга мўлжалланган бюджетида бир қанча оммавий ахборот воситаларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун маблағ ажратиш масаласи кўзда тутилди. Парламентдаги муҳокамалар пайтида депутатлар маҳаллий босма нашрларни ҳам давлат бюджетидан қўллаш таклифини ўтказишга эришди.

Бу борада бизда вазият қандай? Хабарингиз бор, яқинда 2019 йилга мўлжалланган давлат бюджети лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинганди. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тасарруфидаги ҳудудий бўлинмалар ва унитар корхоналарнинг харажатларини республика бюджетидан молиялаштириш тартиби сақлаб қолинди. Аммо бошқа оммавий ахборот воситаларини қўллаш масаласи ҳозирча ҳукуматдан ҳам, депутатлардан ҳам чиққани йўқ.