Ҳеч кимга сир эмаски, талабалик бу – ўқиш, мулоқот ва минимал даражадаги маблағ. Ётоқхона учун ҳақ тўлаш ёки хонани ижарага олиш – қиммат. Европада таълим олсангиз, тўлов янада юқори эканлигини айтмаса ҳам бўлади. Копенгагенда талабаларни жойлаштириш муаммосини ҳал этишга қарор қилинди.

Urban Riggers компаниясининг уддабурон архитектор ва дизайнерлари гуруҳи фойдаланилган транспорт контейнерларидан яратиладиган сузиб юрувчи ётоқхона лойиҳасини тақдим этди.
Контейнерлардан аввал фойдаланилганига қарамай, улар эски ва кир юкхоналарни эсга солмайди. Моҳир қўллар ёрдамида улар арзон ва қулай тураржойларига айлантирилди.



Уларда тўлақонли ҳаёт учун барча зарурий шароитлар мавжуд: жиҳозланган замонавий ошхона, бежирим ювиниш хонаси ва шинам ётоқхона талабаларга хизмат қилади.
Талабалар ётоқхонаси олтита контейнердан иборат учбурчак шаклида жойлаштирилган модулли конструкциядан иборат. Иншоот конструкцияси умумий ички ҳовлида сайр қилиш, юқоридаги айвончада дам олиш, кичик ўлчамдаги қайиқларда сузиш, ҳатто махсус ҳудудда барбекю тайёрлаш имконини ҳам беради.
Модулли иншоот Копенгагеннинг марказий қисми Эресунн бўғози сувларида сузиб юради. Бир ойлик тўлов 600 АҚШ долларига тенг. Бундай нархда ёшлар шаҳарнинг чекка қисмидан уйни ижарага олиши мумкин.


















