Ўзбекистон | 14:25 / 17.01.2019
8963
3 дақиқада ўқилади

Тошкент метросида интернет хизматлари тажриба-синовдан ўтказилмоқда

Фото: KUN.UZ

Тошкент метросида интернет хизматларини жорий этиш синов-тажрибаси давом этмоқда. Қатновнинг тиғиз пайтларида, Wi-Fi фойдаланувчилари 500дан ортиб кетмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Metrotelecom TM маълумотига таянган ҳолда хабар бермоқда. 

«Тошкент метрополитени билан эришилган ҳамкорлик шартномасига кўра, компания метрополитеннинг барча ҳудудида магистрал кабел тармоқларини қуради. Оптик толали тармоқ ётқизилиши эвазига Тошкент шаҳрининг исталган нуқтасида интернетга уланиш имконияти пайдо бўлади», – дейилади Independent telecom innovatiosn компанияси хабарида. 

Маълум қилинишича, юқори тезликдаги интернет тармоғига бир вақтда кўп сонли фойдаланувчилар уланиши муаммолар келтирмайди. Айни пайтда, тажриба-синов тариқасида Алишер Навоий ва Пахтакор метростанцияларида жамоат Wi-Fi қурилмалари ишламоқда. 

«Бу икки станция одамлар энг гавжум бўладиган нуқта ҳисобланади. Ҳозиргача бир пайтнинг ўзида 500га яқин фойдаланувчи тармоққа улангани қайд этилди. Фойдаланувчи Wi-Fi уланиши билан, бизнинг медиа порталимизга ташриф буюриш имкониятига эга бўлади. Унда турли кўнгилочар дастурлар, онлайн ТВ, фильм, мусиқа ва видеоклип, китобларни юклаб олиш ёхуд улардан фойдаланиш имконияти бўлади», – деб хабар беришмоқда компаниядан.

Шунингдек, тармоқнинг молиявий харажатлари, лойиҳа тўлиқ ишга тушадиган муддат ҳали очиқланмаяпти. 

Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини ташкил қилувчи хўжалик юритувчи субъектларга имтиёз берилди. 

Унга кўра, хўжалик юритувчи субъектлар ўз ҳудудида бепул Wi-Fi зонасини яратган  тақдирда, бу ҳудудни кенгайтириш учун харид қилинган асбоб-ускуналар ва интернет-трафикни сотиб олиш учун йўналтирилган харажатлар хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ солинадиган базаси, шу жумладан, ягона солиқ тўлови бўйича базасидан айириб ташланади, ундан қолган маблағ белгиланган тартибда солиққа тортилади.

Мавзуга оид