“Инсониятнинг ярми бошпана излайди, қолган ярми бор турар-жойини кенгайтириш илинжида”, деган нақл бор. Ҳар бир одам шахсий уйи бўлишини исташи табиий. Аммо замонамизнинг бу неъмати ҳаммага ҳам насиб этавермайди ва кўпчилик ягона чора сифатида ижарани танлайди.

Бошпана масаласи, аҳолини ҳамёнбоп турар-жой билан таъминлаш муаммоси бутун дунёда бор. Айниқса аҳоли мунтазам кўпайиб борувчи йирик шаҳарларда ижарага бўлган талаб кучли. Numbeo портали дунёнинг энг йирик 540 шаҳридаги ижара ҳақлари қийматини таҳлил қилиб чиққанида ўртача ижара баҳоси 800 АҚШ долларини ташкил қилиши маълум бўлди.

Ижара нархи бўйича етакчилик АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрига насиб қилди. Бу шаҳарда ўз уйига эга бўлмаганлар ойига ўртача 3500 долларни тўлаб қўйишларига тўғри келади. Иккинчи ўринга ҳеч кутилмаганда АҚШнинг яна бир ва кўпчилик билмайдиган шаҳри – Гамильтон жойлашди. Бу ҳудудда ижаранинг ўртача баҳоси 3400 долларни ташкил қилса, учинчи ўриндаги Нью-Йоркда бу кўрсаткич 3050 доллар дея баҳоланган. Россия пойтахти Москва 1050 доллар билан ўрталикдан юқорида жойлашган.

Дунёдаги энг арзон ижара бўйича маълумотлар жуда қизиқарли, яъни энг арзон деган тушунчанинг ўзи йўқ. Чунки жуда кўпчилик давлатларда, шаҳарларда турар жойлар давлат ёки ҳудудий маъмурият томонидан нафақат ижара, балки бемалол эгалик қилиб яшаш учун мутлақо бепул таклиф этилади. Аҳоли сони мунтазам камайиб бораётган, турли муаммолар туфайли кўпчилик тарк этаётган бундай шаҳарлар Япония, Исландия ва ҳатто АҚШда (масалан Детройт) ҳам бор. Уларда четдан кўчиб келишни кучайтириш учун махсус дастурлар йўлга қўйилган ва меҳмонларга қатор имтиёзлар берилади.

Бизда-чи?

Ўзбекистонда ҳам ижара масаласи кўпчиликни ўйлантиради. Гарчи унинг баҳоси юқоридаги рейтингга кирадиган даражада бўлмаса-да, бизда ҳам йирик шаҳарлардаги турар-жой ижараси учун “яхшигина” маблағ тўлашга тўғри келади. Айниқса пойтахт Тошкент шаҳрида бу муаммо анча кескин тус олган. Бу албатта табиий – пойтахтга кўпчилик интилади, энг йирик ўқув масканлари ҳам шу шаҳарда, ишлаш учун имкониятлар ҳам юқори. Республика бўйича қайд этилувчи ижара шартномаларининг ярмидан кўпроғи пойтахтда қайд этилиши ҳам бежизга эмас.

Тошкентда уй-жой хариди сингари норасмий ижара шартномалари ҳам асосан АҚШ долларида амалга оширилади. Бунинг сабаби миллий валютанинг инфляцияга таъсирчанлиги, кўчмас мулк билан боғлиқ жараёнларда азалдан хориж валютасида муомала қилиш одат тусига кирганлигидир.