Иқтисодиёт | 16:25 / 20.01.2019
165040
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тўланадиган иш ҳақининг энг кам миқдори белгиланди

Ҳукумат қарори билан Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасига ўзгартириш киритилди ва  иш ҳақининг энг кам миқдори 15 фоизга оширилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги расмий Telegram-каналида хабар қилинган.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, меҳнатга ҳақ тўлашнинг 1-, 2- ҳамда 3-разрядлари коэффициентлари 2,476, 2,725, 2,998 дан тегишлича 2,847, 2,997, 3,148 га оширилди.

«Киритилган қўшимчалар шуни англатадики, ходимларга тўланадиган иш ҳақининг энг кам миқдори 501 минг 959 сўмдан 577 минг 172 сўмга оширилди», — дейилади хабарда.

Эндиликда Ўзбекистонда 577 минг 172 сўмдан кам ойлик иш ҳақи тўланиши мумкин эмас.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 1 ноябридан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам иш ҳақи — ойига 202 730 сўм миқдорида белгиланганди. Бу миқдор ўзгаришсиз қолган.

Маълумот учун, 2018 йилда Ўзбекистон бўйича ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақи 1,822 миллион сўмни ташкил этган бўлиб, бу борадаги энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида (2,570 миллион сўм), энг паст кўрсаткич эса Самарқанд вилоятида (1,431 миллион сўм) қайд этилган.

Мавзуга оид