Жаҳон | 14:34 / 23.01.2019
79571
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда мамлакат номини ўзгартириш таклиф этилди

Фото: BNews.kz

Қозоғистон парламенти қуйи палатаси депутати, «Ак жол» Қозоғистон Демократик партияси фракцияси раҳбари Озод Перуашев депутатлик сўровини маълум қилди, унда мамлакат расмий номини Қозоқ Республикасига ўзгартириш таклифи бор. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

«Биз ҳукуматга «Қозоғистон Республикаси» расмий номини киритиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилдик», - деди Перуашев журналистларга. Унинг таъкидлашича, бу таклиф унинг фракцияси аъзолари томонидан қўллаб-қувватланган.

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, «Қозоғистон» сўзи норасмий суҳбатда ва ёзишмаларда ишлатилиши мумкин. «Биз шу пайтгача ишлатиб келинган «Қозоғистон» номи билан бирга, расмий муомалага «Қозоқ Республикаси» номини киритиш лозимлиги ҳақида гапиряпмиз. Бизнинг фракция фикрича, бу масала ҳукумат томонидан кўриб чиқилиши керак», - дея қўшимча қилиб ўтди Перуашев.

Озод Перуашев
Фото: «Ак жол» Қозоғистон Демократик партияси

Унинг таъкидлашича, кўплаб мамлакатлар тажрибаси бўйича республикани уни яратган халқ номи билан аташ лозим. «Биз икки номнинг параллель ишлатилиши ҳақида гапиряпмиз», - дея аниқлик киритди Перуашев. Унинг фикрича, бу тарихий адолат масаласидир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ёшлар таълим даражаси бўйича энг яхши ўн мамлакат орасидан жой олганди.

Мавзуга оид