25 январь куни Тошкент шаҳрида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари: илк натижалар ва келгуси режалар” мавзусидаги халқаро анжумани бўлиб ўтди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, “Yuksalish” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури, Швейцария Конфедерацияси ҳамда АҚШ давлат департаменти каби халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда 250 дан зиёд соҳа мутахассислари – маҳаллий ҳокимият, мутасадди вазирлик ва идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, экспертлик ҳамжамияти ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Кун давомида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ўтган йилда амалга оширилган ишлар, қишлоқ ҳудудларида сармоявий лойиҳаларнинг амалга оширилишини мониторинг қилишга фуқароларни жалб қилиш, ташкилий механизмлар ва молиялаштириш бўйича мақсадли жамғармаларни шакллантириш каби масалалар муҳокамада бўлди.

Ўзбекистон Республикаси президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиев:

– Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Туркиянинг халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа халқаро ташкилотларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётгани инсонпарварлик сиёсати ҳеч қандай чегара, ҳудуд ва халқ танламаслигидан далолат беради.

Мамлакатимиз раҳбари ғояси билан бугун халқимизни ҳаётдан рози қилишнинг, юртимиз янги қиёфасини яратишнинг энг самарали механизмларидан бирига айланиб улгурган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларига Президентимизнинг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар таҳлили асос бўлди.

Халқаро тажрибага таянсак, иқтисодий ривожланиш аввало қишлоқ жойларни ривожлантиришдан, қишлоқ одамлари ҳаёти даражасини оширишдан, уларнинг онги ва дунёқарашини ўзгартиришдан бошланади.

Виртуал ва Халқ қабулхоналарига йиллар давомида минглаб қишлоқ жойларида зарур шарт-шароитлар яратиб берилмагани, аҳолининг турмуш даражаси ва яшаш шароитини яхшилашга етарлича эътибор қаратилмагани, коммунал инфратузилма объектлари эскириб қолгани, уйлар қурилиши, йўллар, ижтимоий объектларнинг (мактаб, боғча, поликлиникалар в.б) таъмирталаблиги, аҳоли дам олиш масканлари мавжуд эмаслиги, жамоат транспорт қатновлари, давлат хизматлари қўрсатиш даражаси жуда пастлиги бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушган. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини мурожаатлар билан ишлаш жараёнида аниқланган мамлакатнинг чекка ва олис қишлоқларидаги ана шундай ўткир муаммоларга амалий ечим сифатида кўриш мумкин.