Light | 00:01 / 26.01.2019
157453
2 дақиқада ўқилади

Олимлар иммунитетни оширишнинг 5 та табиий усулини маълум қилишди 

Қиролича Мария номидаги Лондон университети олимлари иммунитетни оширишнинг 5 та табиий усулини маълум қилишди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар берди.  

Олимларнинг фикрича, иммунитетни ошириш учун албатта дорилар қабул қилиш шарт эмас. Бунда табиий воситалардан бири маврак (шалфей) ҳисобланади. У ўзининг бактериялар, оксидантлар ва яллиғланишларга қарши хусусиятлари билан маълум. У нафас йўлларини мустаҳкамлаш ва шамоллашнинг олдини олишда ёрдам беради.

Дориларнинг яна бир табиий муқобили бузина бўлиб, тадқиқотнинг кўрсатишича, гриппдан азият чеккан ва бузина экстрактини қабул қилган 18-54 ёшлилар анъанавий усуллар билан даволанганлардан ўртача 4 кун тезроқ соғайиб кетишган.

Иммунитетни, шунингдек, ёрқин рангдаги маҳсулотлар, мевалар ва сабзавотлар: помидор, апельсин, лавлаги, батат, бақлажон ва тарвуз мустаҳкамлайди. Бу маҳсулотларни фаол истеъмол қилиш билан бир ҳафтадан кейин ижобий натижага эришиш мумкин.

Олимлар иммунитетни қўллаб-қувватлаш учун гиёҳлар ва зираворлар - саримсоқ, занжабил, орегано, зарчавадан фойдаланишни тавсия қилишади. Бу маҳсулотлар бактериялар ва вирусларга қарши хусусиятларга эга. Бундан ташқари, улар моддалар алмашинувини тезлаштириш ва ортиқча вазнни йўқотишда ёрдам беради. 

Шамоллашга учрамасликнинг яна бир усули янги мева ва сабзавот шарбатларини ичиш ҳисобланади. Улар иммунитетни мустаҳкамлашга ёрдам берувчи асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатувчи магнийга эга.

Олимлар ўз хулосаларига 14 та давлатдан 11 мингга яқин киши иштирок этган тадқиқотлар асосида келишган. Мутахассислар D витаминининг танқислиги қишки вақтда шамоллашлар кўпайиши билан боғлиқлигини текширишмоқчи бўлишган.

Мавзуга оид