2019 йил 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда хорижга чиқиш учун 2 йиллик ОВИР стикерлари бериш тўхтатилди. Бунинг ўрнига фуқароларга қулайликлар тақдим этиш ҳамда оворагарчиликларга барҳам бериш, дунё тажрибасини Ўзбекистонда ҳам қўллаш мақсадида хорижга чиқиш паспорти жорий қилинди. Мамлакатнинг ўзида эса, босқичма-босқич фуқаро шахсини тасдиқловчи ID-карталар тизимига ўтиш белгиланди.

Kun.uz сайти республика ИИВ тизимидаги Миграция ва Фуқароликни расмийлаштириш бошқарма ҳамда бўлимларида янги хорижга чиқиш паспортини бериш билан боғлиқ ҳолат қайдаражада йўлга қўйилгани, фуқароларга бу борада кўрсатилаётган хизматлар сифатини ўрганишга қарор қилди. Дастлабки ўрганишларимиз Тошкент шаҳридан бошланди. 

Қайд этиш ўринлики, Тошкент шаҳрининг 11 туманида фаолият юритувчи МваФРБларида янги намунадаги хорижга чиқиш паспортларини расмийлаштириш ҳамда 10 кундан кейин уни олиш мумкин. Даставвал, пойтахтнинг Олмазор тумани МваФРБ фаолияти билан танишдик. 

Янги таъмирдан чиққан бинога киришингиз билан ишчанлик муҳити кўзга ташланади. Фуқароларга тартиб билан хизмат кўрсатилмоқда. Туман МваФРБ бошлиғи ўринбосари маълумот бериш нуқтасида навбатда, фуқароларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш, анкеталарга имзо шу жойнинг ўзида амалга оширилмоқда. Бизга маълум қилишларича, бундай амалиёт шаҳарнинг барча туманларида тизимли равишда йўлга қўйилган. 

Бинода фуқаролар учун янада қулайликлар тақдим этиш мақсадида уқалаш ўриндиқлари, ичимлик ва ширинликлар сотиладиган қурилмалар ўрнатилган. Ёш болалиларнинг фарзандлари учун махсус ўйин майдончалари ташкил этилган. Тўловларни жойида амалга ошириш учун банк шохобчалари хизмат кўрсатмоқда. 

Видео: TasIX

Видео: Youtube

Шаҳарнинг Учтепа, Миробод, Яккасарой тумани ҳамда Тошкент шаҳар МваФРБда бўлиб, барча бўлимларда бирдек шароит барпо этилгани, бир хил намуна ва тизимда иш олиб борилаётганини таъкидлаш ўринли. Биз хорижга чиқиш паспортининг афзалликлари, унинг қийматига доир айрим саволлар билан Тошкент шаҳар ИИББ МваФРБ бўлим бошлиғи Санжар Қосимовга мурожаат қилдик.