2018 йил Ўзбекистонда туризм соҳасида жуда кўп янгиликлар кузатилди: туризмни ривожлантиришга йўналтирилган янги фармон ва қарорлар, халқаро ва маҳаллий тадбирлар, янги таълим муассасалари фаолиятининг йўлга қўйилиши, сайёҳлар оқимининг ошиши, янги туристик маҳсулотлар, янгича йўналишларни ривожлантириш, инфратузилмани такомиллаштиришга оид саъй-ҳаракатлар, хорижий инвесторларни жалб қилиш, ОАВ вакилларининг ташрифи ҳамда Ўзбекистоннинг кўплаб халқаро рейтингларда юқорилаши ва ҳ.к. Ўтган давр мобайнида буларнинг барчаси ҳақида Kun.uz'да мунтазам равишда маълумотлар тақдим этиб келинди. Қуйида ўтган йил давомида туризмни ривожлантириш йўлида амалга оширилган ишлар, муаммолар ҳамда яқин келажак учун кўзда тутилган режалар ҳақида батафсил сўз юритамиз.

Ҳужжатлар

2018 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатда туризмни ривожлантиришга йўналтирилган 11 ҳужжат, Вазирлар Маҳкамаси томонидан эса 25 норматив-ҳуқуқий ҳужжат имзоланди.

Сайёҳлик оқими кўрсаткичлари

Кўпчилик орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлган  сайёҳлик оқими кўрсаткичлари ҳақида сўз юритар эканмиз, энг аввало Ўзбекистон сайёҳларни ҳисоблашда туризм соҳасидаги етакчи ташкилот ҳисобланган UNWTO методологиясини қўллашини таъкидлаш жоиз. Жаҳоннинг 167 давлати мазкур ҳисоблаш усулидан фойдаланади. Унга кўра, бирор мамлакатга ишга жойлашишдан бошқа ҳар қандай мақсадда ташриф буюрган ҳамда у ерда бир сутка ва ундан ортиқ вақт ўтказувчи шахс сайёҳ ёки меҳмон  ҳисобланади.

Маълумот учун: UNWTO (United Nations World Tourism Organization - Бутунжаҳон туризм ташкилоти) -  БМТ тизимининг ихтисослашган ҳукуматлараро муассасаси. У 158 мамлакат, 6 ҳудуд, кузатувчи мақомидаги 2 ҳудуд ва 500 дан ортиқ аффил ташкилотларни ўзида бирлаштиради. Штаб-квартираси Мадрид шаҳрида жойлашган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг якуний ҳисоботига кўра, 2018 йилда Ўзбекистонга 5,3 млн нафар сайёҳ ташриф буюрган. 2017 йилда уларнинг сони 2,69 млн нафарни қайд этган, яъни сайёҳлар сони бир йилда 97 фоизлик ўсишни кўрсатиб, икки бараварга ошган. 2016 йилда эса уларнинг сони 2,07 миллион нафарни қайд этган.