10:05 / 31.01.2019
7698

ТИВда йиғилиш ўтказилди. Унда Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ҳам қатнашди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ТИВ ҳайъати аъзоларининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди. 

ТИВ хабарига кўра, тадбир мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни жалб қилиш, юртимизда ишлаб чиқарилган товарлар ва хизматларни экспортини ошириш, туристлар оқимини кўпайтириш ва Ўзбекистоннинг хорижий дипломатик ваколатхоналарига бириктирилган минтақалар иқтисодини ривожлантириш бўйича мамлакат раҳбарининг топшириқларини бажаришга бағишланди.

Мажлисда Ўзбекистоннинг хорижий дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари видеоалоқа орқали иштирок этдилар.

Вазир ўз нутқида таъкидлаганидек, 2018 йил 11 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари билан учрашув чоғида президент Шавкат Мирзиёев вазирлик Марказий аппарати ва Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарига хорижий давлатлар, халқаро молиявий ташкилотлар ва бошқа тузилмалар билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берди.

Президентнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаати ва 2019 йил 8 январь куни ўтказилган жорий йил учун инвестиция дастурига бағишланган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари ушбу йилдаги фаолиятнинг устувор йўналишлари ва аниқ мақсадларни белгилади.

Мажлисда Ўзбекистоннинг қатор элчилари ҳисоботлари тингланган.

Танқидий таҳлил натижаларига кўра, Марказий аппарат ва хориждаги муассасаларига давлат раҳбарининг 2019 йилга мўлжалланган топшириқларини сўзсиз бажариш бўйича муайян вазифалар юклатилди.

Хабарга кўра, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг котиби Виктор Маҳмудов ҳам иштирок этган.

Top