Бугунги кунда республикада балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг замонавий ва инновацион услубларини жорий этган ҳолда ҳажмларини ошириш, соҳани тартибга солиш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, уларнинг ижросини сифатли ва пухта таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бунинг ёрқин ифодасидир.
Аммо, жойлардаги мавжуд вазият ва соҳа тадбиркорларига нисбатан муносабат давлат сиёсатига ҳар доим ҳам мувофиқ келавермаслигини кўрсатмоқда.
Таҳририятга йўлланган навбатдаги мурожаат бўйича Тошкент вилояти, Бекобод туманида айнан балиқчилик билан шуғулланадиган тадбиркор (фермер)нинг муаммолари ўрганилди.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Фермернинг дард-у ҳасрати
«Мустақилликдан кейин бу ерлар бизга кўптармоқли сифатида пахтачилик, ғаллачилик, ёнғоқзор ва балиқчилик мақсадларида берилган эди. Маълум вақт, бу ерлардан фойдаланиб келдик. 2005 ёки 2006 йили Zeromax компаниясидан келишганди. Бу ерлар компанияга ўтиб кетди, энди жавобгарлик бизнинг зиммамизда дейишди. Ҳеч қандай ҳужжат кўрсатишмади. 2011 йили компания банкрот бўлди. Кейин ерлар яна тарқатила бошланди. Менга 145 гектар ер ажратилиши керак эди. Лекин, менга «Тўхтаб туринг, компания тўлиқ тугамади», дейишди.

2017 йилга келиб Вазирлар Маҳкамасининг 54-сонли қарори чиққанини айтишди. Шу асосда 138-сонли баённома чиқарилди. Кейин шу баённома асосида ҳоким қарори чиқди. Барча ҳужжатларим жойида. Ҳаттоки, ўша жойдан фойдаланяпсиз деб солиқ ҳам тўлов талаб қиляпти. Прокуратурага борсам, «Фаолият юритяпти», деб хат беряпти. Бормаган жойим қолмади. Бекобод тумани прокуратурасига борсам, хатни олиб қолади. Бугун ариза берсам, 4-5 ойдан сўнг жавоб хатлари юборишади. Доим иш фақат ортга сурилади. Ҳокимият девонхонасига бораман, ҳеч қандай жавоб ҳам йўқ, хат ҳам келмаган дейишади. Вазирлар Маҳкамаси қарори, ҳокимият қарори чиқса ҳам умуман кириб фойдалана олмадим. Бошқа одамлар фойдаланяпти. Менинг жойим десам, улар бизнинг жой дейди. Ҳамма жойга мурожаат қилганман. 87та жавоб хати бор. Шунақаси ҳам бўладими? Кўрилади, кўрилмоқда, кўрилади. Бир хил жавоб. Мен билан ҳеч ким жойига чиқиб ўрганмайди», дейди фермер.




















