15:00 / 03.02.2019
51652

Ўзбекистонда бизнес «ўйин қоидалари» ўзгаряптими? 

Тошкент шаҳридаги «Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» ДУК ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар тушунарсиз, бир вақтнинг ўзида анча қийин вазиятда қолди.

Kun.uz мухбирига маълум бўлишича, кичик саноат зонаси раҳбарияти 2019 йил январь ойидан бошлаб кўрсатилаётган дирекция хизматлари учун тўловни 500 фоизга, яъни ҳар метр квадрат учун 7800 сўмга оширган. 

«Бундан ташқари ижара марказига тўлайдиган тўловимиз ҳам фаолият турига қараб, давлат томонидан 70 фоизгача оширилганини инобатга олсак, эксплуатация харажатлари бунчалик кўп миқдорда ошаётганини қандай тушуниш мумкин?», — дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган тадбиркорлардан бири. 

Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида «Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» ДУК бош иқтисодчисига юзландик. 

«Дирекция 2018 йилда тахминан 1,1 млрд. сўмга тенг солиқларни тўлаган бўлса, 2019 йилда бизнинг харажатларимиз 19 млрд. сўмдан ошмоқда. Шунинг 67 фоизи солиқ юкини ташкил этади», — дейди у.

Маълум қилинишича, президент имзолаган «Иқтисодий ривожланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг таклифларига розилик берилган. 

Гап шундаки, унда илгари сурилган «кичик саноат зоналари иштирокчилари учун имтиёз ва преференцияларни уларни амалдаги иштирокчилар учун 2020 йил 1 январгача сақлаб қолган ҳолда бекор қилиш» таклифи ҳам маъқулланган. Чунки, кичик саноат зоналари иштирокчиларига қуйидаги ҳуқуқларни берилди:

  • ўз маблағлари ҳисобига қурилган бино ва иншоотларга (ёки уларнинг қисмларига) мулк ҳуқуқини ўрнатилган тартибда расмийлаштириш;
  • инвестиция ва бошқа ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ бажарган тақдирда, бироқ кичик саноат зонаси иштирокчиси мақомини олган давридан бошлаб камида 5 йил муддат ўтгандан кейин, ўзларига берилган бинолар ва иншоотларни (ёки уларнинг қисмларини) хусусийлаштириш;
  • реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлашни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширган тақдирда, бироқ кичик саноат зонаси иштирокчиси мақомини олган давридан бошлаб камида 3 йил муддат ўтгандан кейин, бинолар ва иншоотларни (ёки уларнинг қисмларини) хусусийлаштириш;
  • бино ва иншоотларни (ёки уларнинг қисмларини) реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлаш учун кичик саноат зонаси иштирокчиси томонидан ажратилган маблағлар уларни хусусийлаштиришда ҳисобга олинади.

Муаммо нимада, дейсизми? Асосий масала имтиёз ва преференциялар иштирокчилар учун сақланиб қолган ҳолда дирекция учун бекор қилинган. Эндиликда «Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» ДУК ер солиғи, мулк солиғи, сув солиғи, ҚҚС тўловчисига айланган. ДУКнинг асосий даромад манбаси фақат зона иштирокчиларига хизмат кўрсатиш экан, у ўзини банкротликдан сақлаб қолиш хизмат нархларини оширишга мажбур. Ахир бир йилда, деярли, 18 баравар ошиб кетган харажатларни нимадир йўл билан қоплаш керак-ку?

Тадбиркорлар хароба мисоли ташлаб қўйилган собиқ Тўқимачилик комбинати негизида қанчалар чиройли бинолар барпо этишганини ачиниб сўзлаб беришди. 

«Мен бу ерга келганимда бой эдим. Ишлаб чиқаришни йўлга қўяман, деб қимматбаҳо уйимни ҳам, машина ва дўконларимни ҳам сотдим. Шу йиллар давомида қанд касаллигини орттириб олдим. Ҳали сезиларли даромадга кирмадим, лекин ишимга меҳрим, кучимни бердим», — дейди улардан бири. 

Бошқа тадбиркорнинг сўзига кўра, «хароба биноларни ишлаб чиқариш шароитларига мослаштиришга кетган қувватдан ташқари, бозор рақобатига дош бериш ҳам қийин масала».

«Малакали ишчилардан яхши жамоа тузиш, ишлаб чиқариш линиясини йўлга қўйиш билан иш битмайди. Бозорнинг шафқатсиз кураши ва рақобатига дош бериш лозим. Ҳар ой солиқларни тўлаш, ишчиларга ойлик маош етказиб туриш керак. Барча қийинчиликлардан ўтганимда ишимни ташлаб кетайми?», — дейди тадбиркор.

Ўзбекистон Президенти фармони, Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, тадбиркорлар ўзларига ижарага берилган биноларни таъмирлаш, қуриш, янги технологияларни киритиш орқали сармоялаши ва янги иш ўринларни ташкил этиши, кичик саноат зонаси эса ўз навбатида 10 йил давомида тадбиркорларга қулайликлар тақдим этиши, жумладан имтиёзларни ижара шартларини 10 йил ўзгаришсиз сақлаб туриши лозим эди. 

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган манбанинг айтишича, «ўйин қоидалари» шундай ўзгаряпти: тадбиркорлар оширилган нархга кўнмаса, «у жойда ишлашни кўзлаётганлар жуда кўп». Бундан ташқари, асосий масала солиқ ислоҳотлари ва давлат раҳбари имзолаган юқорида таъкидланган ҳужжатга бориб тақаларкан, демак, муаммо фақат Тошкент ҳудудида эмас, бошқа ерларда ҳам кузатилиши мумкин.

Аммо дирекция талаб этаётган оширилган нархга кўниб ишлаган тадбиркорлар ўзининг нарх сиёсатини ҳам қайта кўриб чиқмаслигига ким кафолат беради? Охир-оқибат шу оширишнинг «жазоси» истеъмолчи гарданига тушмайдими? 

Бу борада Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасидан изоҳ сўраб, мурожаат этдик. Афсуски, ҳозиргача изоҳни кутиш билан чекланишга мажбурмиз.   ​

Алишер Рўзиохунов

Top