Кун Агуэронинг ҳет-триги Англия чемпионатининг 25-турида «Арсенал» устидан ғалабани таъминлади (3:1).

«Манчестер Сити» - «Арсенал» - 3:1 (2:1)
Голлар: Агуэро, 1 (1:0). Косьельни, 11 (1:1). Агуэро, 44 (2:1). Агуэро, 61 (3:1).
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Отаменди, Ляпорт, Де Брюйне (Маҳрез, 88), Фернандинью, Гундўған, Сильва, Бернарду Силва, Агуэро (Габриэл Жезус, 81), Стерлинг.
«Арсенал»: Лено, Лихтштайнер, Косьельни, Мустафи (Мавропанос, 79), Монреаль, Колашинац (Суарес, 66), Торрейра, Гендузи, Обамеянг, Ивоби (Рэмзи, 66), Ляказетт.
Огоҳлантиришлар: Торрейра, 40. Гундўған, 65.
Ҳакам: Аткинсон.
3 февраль. Манчестер. «Этиҳад стэдиум» стадиони.

Тўрт йил ғалабасиз
«Арсенал» охирги марта кучли олтилик вакилини АПЛ доирасида сафар учрашувида мағлуб этганидан буён тўрт йил вақт ўтди. Бу вақт ичида «Челси»да 5 марта бош мураббий ўзгарди, «Лестер» тарихий чемпионликни нишонлади, «Реал» қаторасига 3 марта ЕЧЛ ғолиби бўлди, «Арсенал»нинг ўзида ҳам мураббий алмашиб улгурди.

Қизиқ томони, тўрт йил аввал «Арсенал» айнан «Манчестер Сити»ни сафарда мағлубиятга учратганди. Ўшанда «шаҳарликлар» ҳозиргидек амбицияларга эгамасди, таркиб ҳам ҳозиргидек қудратлимасди, жамоани Мануэль Пеллегрини бошқарарди, Гвардиола эраси бошланишига ҳали 1,5 йил вақт бор эди.

Энди Пеп ва «Сити» Англиянинг амалдаги чемпионлари, «Арсенал»ни Унаи Эмери - Гвардиолани шу вақтга қадар ҳеч қайси чемпионатда бирор марта ҳам мағлубиятга учратолмаган мутахассис бошқармоқда. Якшанба кунги ўйингача баск мураббийи каталониялик рақибига қарши 11 учрашув ўтказган ва 7 марта мағлуб бўлиб, 4 бор дуранг ўйнаганди. Унда бундай ёмон кўрсаткич Диего Симеонега қарши ўйинларда қайд этилган: 5 дуранг ва 7 мағлубият.

«Мен кўплаб жамоалар ва мутахассисларни таҳлил қилганман. Гвардиоладан кучлироқ мураббийни топиш қийин. Унинг тажрибаси жуда катта. Биз бир вақтда бошлаганмиз, у «Барселона»нинг иккинчи жамоасида, мен «Лорка»да ва «Альмерия»да. Унинг жамоаси ўйинларини кузатиб, кўп нарса ўрганганман», деди Эмери Манчестерга сафардан олдин. У Гвардиоладан кўп нарса ўрганган бўлсада, унга қарши қандай ўйнашни ҳамон ўрганолмаган.

Чалкаш схемалар