Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Давлат қурилиш назорат инспекциялар фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси негизида ўз баланси, банк муассасаларида ҳисобрақамлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган муҳрига ва юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Давлат қурилиш назорат инспекцияси этиб қайта ташкил этилиши мумкин.

Инспекцияга Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган Инспекция бошлиғи раҳбарлик қилади.

Инспекция бошлиғи томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган биринчи ўринбосар ҳамда ўринбосарга эга бўлади.

Инспекция бошлиғи ўз мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирининг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.

Инспекция фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва бюджетдан ташқари манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Инспекция қурилиш фаолиятида давлат назоратини амалга оширувчи ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Инспекция шаҳар ва қишлоқ аҳоли яшаш пунктларини қурилишида шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва стандартларига риоя этилиши устидан Давлат назоратини амалга оширади.

Инспекция шаҳарсозлик фаолияти соҳасида қурилиш сифатини назорат қилувчи буюртмачининг техник назорати, лойиҳа ташкилотининг муаллифлик назорати, пудратчининг қурилиш-монтаж ишлари ва ишлаб чиқариш хизматларини танлаб назоратдан ўтказади (300 кубдан кам бўлган ва якка тартибдаги уй-жой қурилиши бундан мустасно).

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг Инспекция ва унинг ҳудудий инспекциялари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантиришни кучайтириш бўйича молиявий маблағларни жамловчи ва тақсимловчи Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Давлат қурилиш назорат инспекцияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.