Kun.uz таҳририятига Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги «Дўстлик» маҳалласи аҳолисидан мурожаат келиб тушди.

«Биз Каттақўрғон тумани, «Дўстлик» МФЙ, Қозоқовул қишлоғи аҳолиси яшаб турган уйимиз яқинидаги чиқиндихона туфайли азият чекмоқдамиз. Чиқиндихона Каттақўрғон сув омборига қуйиладиган кириш каналининг чап қирғоғида жойлашган. Майдони 31 гектар. Бу ерга тўкиладиган чиқиндилар канал сувини ифлослантиради. Шу сувдан сув омбори атрофида яшовчи одамлар истеъмол килишади. Шу майдоннинг бир қисмида сунъий кўлда балиқ етиштирилади. Балиқларнинг асосий озуқаси ҳам шу чиқиндилар. 2018 йил атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси вакили келиб, чиқиндихона бошқа ерга кўчирилишини айтган эди. Аммо бундай бўлмади. Чиқиндихонага уй ҳайвонларининг жасадлари ҳам ташлаб кетилади. Бизнинг болаларимиз шу ердан ўтиб мактабга қатнашади. Турли касалликлар тарқалиши хавфи бор», – дейилади мурожаатда.

Ушбу мурожаатни жойига бориб ўргандик ва Каттақўрғон шаҳридаги чиқинди полигонини кўздан кечирдик. Маҳалла аҳолиси билан суҳбатлашиб, уларнинг эътирозларини тингладик.

«Чиқиндихона яқинида истиқомат қиламиз. Шамолда ҳовлимиз чиқиндига тўлади. Айниқса, ёз кунларида бу ернинг ҳидига чидаб бўлмайди. Шу атрофдаги аҳоли шундай ҳолатда яшашга мажбур. Бу масаладаги мурожаатларимиз мутасаддилар томонидан эътиборсиз қолмоқда», – дейди Гулбаҳор Қиличева.

Ўрганишимиз давомида маълум бўлишича, чиқинди полигони Каттақўрғон шаҳар балансида туради, унинг атрофида яшайдиган аҳоли ва ҳудуд Каттақўрғон туманига қарайди.

2005 йилгача чиқинди полигони жойлашган ер «Қурилиш материаллари заводи» очиқ турдаги ҳиссадорлик жамиятига тегишли бўлган. Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг 2005 йил 24 мартдаги қарори билан бу ер майдони шаҳар коммунал фойдаланиш бошқармасига берилган ва чиқинди полигони ташкил этилган.

Чиқинди полигонини кўздан кечирганимизда, ҳақиқатан ҳолат ачинарли эканлигига гувоҳ бўлдик. 32 гектарга яқин ҳудудни эгаллаган чиқиндихона санитария меъёр ва талабларига умуман жавоб бермайди. Чиқиндихонага аҳоли яшайдиган уйлар шундоққина ёнида жойлашган. Баланд тўсиқлар билан ўралмаган. Шамолда аҳоли хонадонлари чиқиндиларга тўлади. Қишлоқ кўчалари ҳам шамол учирган ва тўкилган чиқиндиларга тўлган. Чиқинди полигони яқинида Каттақўрғон сув омборининг кириш канали оқиб ўтади. Шамолда каналдаги сув ҳам чиқиндилардан «бенасиб» қолмайди.