Ҳукумат қарори билан Туғилганликни қайд этиш бўйича давлат хизматни кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Телеграм-каналида хабар қилинди.

Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари орқали марказ биносида жойлашган фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлинмалари томонидан кўрсатилади.

Давлат хизмати бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги Давлат хизматлари марказида ўзи келган ҳолда амалга оширилади ҳамда марказ ходими томонидан электрон шаклда сўровнома тўлдирилади.

Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

  • туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома;
  • ота-оналарнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома.

Давлат хизмати учун энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида (30 409 сўм) герб йиғими ундирилади.

Қуйидагилар давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос бўлади:

  • сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши;
  • ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганлиги;
  • давлат хизматлари кўрсатиш учун тўловни тўламаслик.

Марказ ходими томонидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб 2 соатда тегишли ФҲДЁ бўлинмаларига тақдим этилади.

ФҲДЁ бўлинмалари ҳужжатларни олганидан сўнг 2 иш кунида болага нисбатан туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини расмийлаштиради ҳамда 1 соатда Давлат хизматлари марказига юборади.