Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни Сирдарё туманидаги “Сирдарё универсал ойна” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Президент матбуот-хизмати

“Сирдарё” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этилган мазкур корхонада фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун шиша идишлар ишлаб чиқарилади. Ўтган йил июнь ойида фаолият бошлаган корхонада қиймати 50,16 миллион АҚШ долларилик лойиҳа амалга оширилди ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.  

Мамлакат фармацевтика саноатига шу пайтгача ҳар йили 4 миллион долларлик шиша флаконлар импорт қилинар эди. Ушбу корхона ишга тушгач нафақат вилоятдаги, балки юртимиздаги барча фармацевтика корхоналарига шиша идишлар етказиб бериш имконияти юзага келди. 

Корхонага Германия, Чехия ва Францияда ишлаб чиқарилган энг замонавий технологиялар ўрнатилган. Улар асосида маҳаллий хомашёдан 100 дан ортиқ турдаги шиша идишлар тайёрланмоқда. 

Жорий йилда тўла қувват билан ишлай бошлайдиган корхонада йилига 102 миллион дона шиша идиш ишлаб чиқарилади, 2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш кутилмоқда. Корхонада 450 киши иш билан таъминланган.  

Президент шиша идишлар ишлаб чиқариш технологик жараёнини, тайёрланаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди. 

Фото: Президент матбуот-хизмати

Шу ерда “Сирдарё универсал ойна” корхонаси томонидан кластер усулида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.  

Корхона ёнида “Сирдарё гласс” МЧЖ томонидан янги технология асосида бир вақтнинг ўзида фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун уч хил рангли шиша идишлар тайёрлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг йиллик қуввати 136,1 миллион дона маҳсулот бўлиб, бу 11,3 миллион долларлик импорт ўрнини қоплаш имконини беради. 

Келаси йил ишга тушириладиган корхонада 500 иш ўрни яратилади, йилига 3,7 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилади. 

“Сирдарё шиша” МЧЖ томонидан шиша идишлар учун кварц қумини қайта ишлаш йўлга қўйилмоқда. Йилига 438 минг тонна қум қайта ишланадиган корхона учун “Асака банк”дан 5 миллион долларлик кредит ажратилади, 5,1 миллион доллар корхонанинг ўз маблағидир.