Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш тартибини такомиллаштириш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Белгиланишича, 2019 йил 1 мартдан бошлаб:

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш тўғрисидаги аризалар фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади;

хорижий давлатларнинг умумий ўрта ва ўрта таълим муассасаларида таълим олган шахсларнинг маълумот тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан амалга оширилади;

хорижий давлатларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасаларида таълим олган шахсларнинг маълумот тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш ва нострификация қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда:

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган электрон кўринишдаги ҳужжатларнинг намунавий шаклларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

давлат хизматлари марказларининг ходимлари учун хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга қаратилган ўқув-амалий семинарлар ўтказилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ҳудудий бўлинмаларининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталига уланишини ташкил этади.