Янги солиқ тизими иқтисодиёт барқарор ўсиши тамойили билан амалиётга киритилмоқда. Иқтисодий ўсиш суръати барқарор бўлмаса, бу солиқ базасининг пасайишига олиб келади, иқтисодиёт эса беқарор бўлиб, нархлар ошади, деб ҳисоблайди Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев.
Мирзаев Kun.uz'га берган катта интервьюсида қўшилган қиймат солиғи тизимидан кутилаётган натижалар, янги таҳрирдаги солиқ кодекси ва бошқа бир қатор ўзгаришлар ҳақида гапириб ўтди.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
– Солиқ тизимидаги ўзгаришлар даврида ишлаётган вакил сифатида, солиқ соҳасидаги ислоҳотлар қайси мезон асосида олиб бориляпти, дея оласиз? Бу ижтимоий адолатни тиклашми ёки енгилликлар яратиш маъносидами?
– Солиқ концепцияси муҳокамаси натижасида 2019 йил 1 январдан жуда кўп ўзгаришлар кучга кирди. Бу соҳада ишлайдиган вакиллар сифатида бир қатор ишларни олдимизга қўйганмиз.
Аввало, Солиқ концепциясини амалиётга жорий қилиш, иқтисодиётни барқарор тушумлар билан таъминлаш, 2019 йил учун тасдиқланган бюджет параметрларини бажариш асосий мақсадимиз ҳисобланади. Январдан то ҳозиргача умумбелгиланган солиқ тизимига ўтиш яхши натижа бермоқда. Ходимларимиз ҳудудларга бориб, фуқароларга солиқ концепциясини тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар.
Натижада солиқ тушумлари ўтган йил январ ойидагидан 76 фоизга ошди. Февраль ойида эса 17,5 триллион сўм тушум келиб тушиши режалаштириляпти. Январда 29 минг корхона ва ташкилотларни қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаш тизимига ўтказдик. Асосий вазифамиз – бу ёғига улардан солиқ тушумларини олишни тизимли йўлга қўйиш.

– Янги солиқ тизимига ўтилаётганда салбий жиҳатлар ҳам кузатилдими?
– Савдодаги чекларда қўшилган қиймат солиғи миқдорини акс эттириш билан боғлиқ муаммога дуч келдик. 10 февралга қадар техник касса назорати учун керакли дастурларни кассаларга ўрнатдик. Йилнинг ярмигача янги онлайн касса тизимини жорий қилмоқчимиз.
















