14 март куни II Фармацевтика анжумани доирасида Ўзбекистонда фармацевтика соҳасининг энг фаол ишчиларини тақдирлашга бағишланган Pharmclub Awards 2018 маросими бўлиб ўтади. Kun.uz мухбири 20 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

II Фармацевтика анжуманида Россия Федерациясининг дорихона бизнесини ривожлантириш бўйича профессионал маслаҳатчиси, Россия фармацевтик маркетинги уюшмасининг ҳақиқий аъзоси Павел Лисовский, Украинанинг "Тиббий маркетинг агентлиги" бизнес-тренери, шифокор Юрий Чертков, Германия соғлиқни сақлаш тизими бошқаруви магистри, фармацевтика фанлари номзоди Ольга Гринцова, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизими аълочиси Жупар Байпакбаева ҳамда Ўзбекистондан Meros корпорацияси бош директори Максим Костромской, ISMO Corp Ltd компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича директори Ильгиз Нургалимовлар сўзга чиқишади.

Мутахассислар фармацевтикада режалаштириш, асосий эътиборни истеъмолчига қаратиш, персонал танлашнинг ўзига хос жиҳатлари, фойдали тестлар, дорихона бизнесидаги асосий жараёнлар, соҳада рақобат, дорихона брендини қуриш стратегиялари, хизматлар сифатини ошириш каби кўплаб мавзуларда қизиқарли маълумотлар билан бўлишишади.

Pharmclub Awards 2018 тақдирлаш маросими қуйидаги йўналишлар бўйича энг яхшиларни мукофотлашни кўзда тутади:

·      Йилнинг энг яхши ишлаб чиқарувчиси (маҳаллий);

·      Йилнинг энг яхши ишлаб чиқарувчиси (хорижий);

·      Йилнинг энг таниқли ОТС (рецептсиз бериладиган) дори воситаси;

·      Йилнинг энг таниқли тиббий техника бренди;

·      Йилнинг энг таниқли БФҚ (биологик фаол қўшимча) воситаси;

·      Йилнинг энг яхши дорихона тармоғи;

·      Йилнинг энг яхши дорихонаси.

Фармацевтика соҳасининг энг яхшиларига истеъмолчилар томонидан ижтимоий тармоқларда онлайн овоз берилади. Бунинг учун www.pharmclub.uz сайти, t.me/pharmclubuz телеграм-каналига кириш керак бўлади.