Ўзбекистон | 15:34 / 21.02.2019
11704
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Республикаси гидлар уюшмаси тузилди

20 февраль куни янги тузилма - Ўзбекистон Республикаси гидлар уюшмаси тузилди. Kun.uz мухбири Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Абдулазиз Аккуловнинг Халқаро гидлар форуми доирасида берган маълумотига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

21 февралда Бутунжаҳон гидлар ва экскурсаводлар кунини нишонлаш доирасида Тошкентда "Буюк Ипак йўли: чегарасиз ҳамкорлик" номли III Халқаро гидлар форумига старт берилди. Тадбирда Испания, Франция, АҚШ, Ҳиндистон, Исроил, Италия каби давлатлардан етакчи мутахассислар иштирок этиб, гидлар фаолиятини ривожлантиришга доир тажрибалари билан бўлишишди. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов барча гидларни касб байрами билан қутлаб, сайёҳлар сони ошгани сайин туристик хизматлар экспорти ҳам ўсаётганини (546 млн доллардан 1 млрд 40 млн долларгача) таъкидлади. Шу билан бирга, туризм ривожи суръатларини сақлаш ва ошириш учун туристик маҳсулот сифатини биринчи ўринга чиқариш кераклигига урғу берди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов

"Туристик маҳсулот сифатини таъминлашда айнан бевосита сайёҳлар билан ишловчи гидлар ва экскурсиячилар муҳим роль ўйнайди. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда туризм соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга оид жиддий ишлар амалга оширилмоқда, қатор қонунлар тайёрланиб, уларнинг баъзиларига тузатишлар киритилмоқда, буларнинг бари мамлакатнинг туризм соҳаси, шу жумладан экскурсион фаолиятга ҳам сезиларли таъсир кўрсатади", - деди у.

Абдулазиз Аккулов ўз нутқида 2019 йилнинг 20 февралида Ўзбекистон Республикаси гидлар уюшмасининг тузилиши Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси олдига қўйилган вазифаларни амалга оширишда муҳим қадам бўлганини таъкидлади. Ўзбекистон гидлар ассоциацияси туристик бозор иштирокчиларини бирлаштиради ва Қўмита, "Туризм ўқув-консалтинг маркази" ҳамда маҳаллий гидлар билан биргаликда мамлакатда туризмни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади.

Мавзуга оид