Kun.uz сайти мухбири Тошкент шаҳри ҳокимлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши раиси, тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов билан суҳбат қурди. Суҳбат давомида Ҳикмат Абдураҳмонов ҳокимлик қошидаги Жамоатчилик кенгашининг вазифалари, пойтахтдаги муаммоли масалалар – дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ва уйларнинг огоҳлантиришсиз бузилиши, шунингдек, прописка ҳамда инвестициялар киритилиши каби масалаларга тўхталиб ўтди.

Жамоатчилик кенгашининг вазифалари нима ва 2018 йилда нималар қила олди?

Маълумот учун, Тошкент шаҳри ҳокимлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши 2018 йилнинг июнь ойида ташкил этилган. Ҳикмат Абдураҳмонов Жамоатчилик кенгаши фаолияти ва унинг вазифаларига тўхталди.

«Жамоатчилик назорати тўғрисида 2018 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва июль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинганди.

Ўтган йилнинг май ойларида Тошкент шаҳар ҳокимлиги жамоасидан менга қўнғироқ қилишди. Жаҳонгир Обидовичнинг шаҳар ҳокими лавозимига тайинланишидан кўп ўтмай бир таклиф бўлди. Жамоатчилик кенгаши тузилганига ҳам 7-8 ой бўлиб қолди. Бу тузилма мустақил Ўзбекистон учун ҳам, Тошкент учун ҳам янгилик.

2018 йилда фаолиятимизнинг асосий қисмида биз институционал шаклланиш борасида иш олиб бордик. Бугун Жамоатчилик кенгашининг 13 йўналишда экспертлик гуруҳлари бор.

Улар билан биргаликда «Тошкент-2025» концепциясини ёзишни бошладик.

Ушбу концепциямиз бўйича биз 2019 йилда кўпроқ амалий ишлар қилишимиз мумкин бўлади. 2018 йилда эса турли йўналишларда 45та лойиҳани амалга оширдик ва уларнинг кўплари давом этмоқда.

Хусусан, биз 2018 йилда ТОП-500 - фаол тадбиркорлар ва инвесторлар форуми, «Шаҳарга ўриндиқ ҳадя этинг» ташаббусини амалга ошириш, «Chilla Fest» ёзги шаҳар оммавий сайли, бир ҳафталик «Дўстлик» сайли концепцияси тузиш ва уни ташкиллаштиришда Жамоатчилик кенгаши мутахассисларининг бевосита иштироки, «Сиэтл» паркини тиклаш, Юнусобод туманидаги кўп қаватли тураржой биносининг ташқи қисмини қайта тиклаш, истироҳат боғлари ва бошқа жамоат жойларида ўтказиладиган «Open art-space» сайли концепциясини ишлаб чиқиш, Тошкент шаҳрининг брендини яратиш учун танлов ташкил этиш каби ишларни амалга оширдик. Жамоатчилик кенгашининг фаолияти ва йиллик ҳисоботи билан gorod.uz сайти орқали танишиш мумкин», дейди Ҳикмат Абдураҳмонов.