Президент қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналари тўғрисидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманлар ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Низомга кўра, Халқ қабулхонаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари тузилмаси таркибига киради ва юридик шахс ҳисобланмайди. Халқ қабулхонаси ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлмайди, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда ўз номидан бошқа шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга киришиш ҳуқуқига эга эмас.

Низомда белгиланишича, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни татбиқ этилмайдиган, шу жумладан кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларни Халқ қабулхонаси кўриб чиқмайди. 

Халқ қабулхонасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш, шунингдек мурожаатлар билан ишлашнинг самарали тизими амал қилишини таъминлаш;
  • фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, Ҳукуматга, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларига, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш;
  • Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда, тўлиқ, холис, ўз вақтида кўриб чиқилиши, шунингдек уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганишда аниқланган муаммоларнинг ҳал этилишини ташкил этиш ва назорат қилиш;
  • уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганишда аниқланган муаммолар ҳамда Халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманлар ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналарига келиб тушган, тегишлилиги бўйича давлат органларига юборилган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш;