Мана қиш фаслининг охирги ўн кунлигидамиз. Бу йилги совуқ ойлар давомида водийнинг уч вилоятида аҳоли кундалик эҳтиёжи учун энг долзарб бўлган электр таъминотида ижобий жиҳатлар сезилган бўлса, табиий газ таъминоти бўйича бу фикрни айта олмаймиз.
Ўтган уч ой давомида жойлардаги муаммолар тўғрисида жуда кўп мақолалар ёзилди. Тармоқ мутасаддилари кўрсатилган камчиликларни тез фурсатларда бартараф қилган пайтлар ҳам бўлганини айтиб ўтиш жоиз.
Ҳар икки соҳа вакиллари бу йилги қишдан ҳеч нолимасликлари керак. Сабаби, мавсум давомида қорли, қировли, қаҳратон совуқ кунлар деярли бўлмади. Агар табиат ўз кучини кўрсатганида доимгидек газчилар ва электр ходимларининг елка қисиб турганига гувоҳ бўлармидик...
Охирги ҳафта давомида ҳавонинг бироз совиши ҳар икки тармоқда яна муаммолар келтириб чиқармоқда. Уч вилоятдаги аҳолиси томонидан мурожаатлар сони ҳам кўпайган. Уларнинг айримлари билан танишамиз:
“Мен, Наманган вилояти Косонсой тумани А. Жомий маҳалласидан Нурилло Аҳмедовман. Сўнги кунларда электр таъминоти ёмон ҳолатда. Ўтган ойда ҳар куни бир-икки соат ўчиб турар эди. Ҳаво даражаси пасайгач, ўчиришлар кўпайиб кетмоқда. Бугун, 21 февраль куни Косонсой марказида тушгача электр бўлмади. Мана ҳозир кеч соат 21:00да ҳам туман марказида ток ўчирилган. узилишлар жуда кўп бўляпти”.
“Сизларга Ўзбекистон туманидан мурожаат қиляпмиз. Охирги икки ҳафта ичи электр таъминотида узилишлар кўпайиб кетди. Кундузи ўчгани камдек, кечки пайт айни овқатга ўтирганимизда яна бир-икки соат ўчиши ортиқча. Сўнгги 5-6 кун ичида, кечқурун икки марта 1 соатдан ўчишни одат қилди. Кундузи ҳам 4-5 соат электр берилмайди”, дейди Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани, Қайнар қишлоғида яшовчи Шукуржон Исломов.
Андижон вилоятининг қатор туманларида ҳам электр таъминоти аҳолига панд бермоқда. Пахтаобод тумани Қорақўрғон маҳалласида кунига 5-6 мартадан ток ўчаётгани ҳақида хабар беришди. Аҳоли вакиллари айниқса, электр кечки пайт айни оила овқатланадиган, болалар дарс қиладиган пайтда ўчаётганидан норизо. Афсуски, зимистон маҳалла аҳолиси додини туман электр корхонаси эшитмаяпти.
Бу ҳолатга фақат энергетиклар жавоб бериши керакми? Газчилар-чи?
Қишда ижтимоий тармоқ ва аҳоли ўз хонадонларини иситиш масаласи биринчи ўринда долзарб масала даражасига чиқади. Маълумки, иситиш учун табиий газ, кўмир ва бошқа ёқилғи ресурслари зарур. Табиий газ таъминоти водий вилоятларида доимий муаммолар гирдобида. Бу ҳолатни турли шаҳар ва туманлардан келаётган жуда кўплаб мурожаатлардан ҳам билиб олиш мумкин. Аҳоли шунинг учун иситиш учун бор кучни электрга бермоқда.
















