23 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат тест маркази томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда кейинги ўқув йилларида олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари учун кутилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.
Жорий йилнинг 15 февраль куни regulation.gov.uz порталига «Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган эди.
Мазкур қарор лойиҳасига кўра кириш имтиҳонларида бир неча кескин ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Бу ўзгаришларнинг зарурати ва амалга оширилиш тартиби юзасидан Давлат тест маркази раҳбарияти баёнот берди.
«Ҳужжат топшириш учун пойтахтга келиш шарт эмас»
ДТМ раҳбариятининг айтишича, олий таълим муассасаларининг аксарияти пойтахтда жойлашгани боис ўқишга ҳужжат қабул қилинадиган ҳамда имтиҳон ўтказиладиган ёз ойларида абитуриентлар Тошкент шаҳрига қатнашга мажбур бўларди.
Эндиликда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари томонидан ортиқча оворагарчилик ва харажатларнинг олдини олиш мақсадида уларнинг яшаб турган манзилидаги Давлат хизматлари марказлари орқали барча ОТМларга ҳужжат қабул қилиш йўлга қўйилади. Бу хизмат учун 10-20 минг сўм атрофида тўлов ундирилиши мумкин.
ДТМ директор ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиевга кўра, давлат хизматлари марказлари ҳужжатлар қабулининг ишончлилигини, ҳимояланганлигини ўз бўйнига олади.
Шунингдек, абитуриент томонидан танланаётган таълим муассасасининг жойлашган ҳудудидан қатъи назар, ўзи яшаб турган ҳудудда тест синовларида иштирок этиши ҳам қарор лойиҳасига киритилди. ДТМ раҳбарияти бу ишлар қандай ташкил этилиши юзасидан аниқ маълумот билдирмади.
«Стажга эга» абитуриентлар имтиҳон учун пул тўлайди
Қарор лойиҳасига кўра, жорий ўқув йилида олий таълим муассасасига кириш имтиҳони учун энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида тўлов қилиниши амалиётга киритилади.
Каримовнинг маълум қилишича, тест синовларида иштирок этиш учун йиғим фақатгина олдинги ўқув йилларида таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан ундирилиши назарда тутилган. Жорий йилда мактаб, лицей ва коллежларни тамомловчи ёшлар учун тест синовлари мутлақо бепул, улар талабалик учун ҳеч қандай тўловларсиз имтиҳон топширишади.
















