08:52 / 27.02.2019
32122

Автомобиль капоти устида одам билан ҳаракатланган ҳайдовчига чора кўрилди - ИИББ

Интернет тармоғида “Спарк” русумли автомобиль ҳайдовчиси машина капоти устида одам бўлган ҳолатда ҳаракатлангани акс этган видео тарқалди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг тахмин қилишларича, “машина капоти устига чиққан қиз бу ишни йигит билан – яъни “Спарк” ҳайдовчиси билан жанжаллашгани сабаби қилган”. 

Тошкент шаҳар ИИББ видеодаги шахсларни аниқлади. Маълум бўлишича, 23 февраль куни эрталаб Нукус кўчасида “Спарк” автомобили ҳайдовчиси 20 ёшли Л.Ш. таниши бўлган Н.П.ни ўз машинаси капоти устида “сайр қилдириб”, Н.П.нинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирган (ЙҲҚ 11-банд). 

Натижада, ҳайдовчи Л.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига асосан (“Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги”), Н.П.га нисбатан эса 138 модда (“Пиёдалар ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши”) бўйича баённома тузилди.

“Ҳурматли ҳайдовчилар, автомобиль юқори хавф воситаси ҳисобланиши ва “ҳазилларни” тушунмаслиги ёдингизда бўлсин. Йўл ҳаракати қоидаларини бузиш эса жазога сабаб бўлади”, - дейилади ИИББ хабарида.

Top