Ўзбекистон | 10:14 / 27.02.2019
3986
2 дақиқада ўқилади

Илҳом Неъматов Қозоғистон ташқи ишлар вазири билан учрашди

Фото: mfa.gov.kz

2019 йилнинг 26 февраль куни Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундида иштирок этиш учун Остона шаҳрига борган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бейбут Атамқулов билан учрашди.

Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Аввало, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг 2019 йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши белгиланган Марказий Осиё давлат раҳбарлари Иккинчи маслаҳат учрашувидаги иштирокининг амалий жиҳатлари тўғрисида сўз борди, дейилади ТИВ хабарида.

Шунингдек, 2018 йилда якунига етган «Қозоғистонда Ўзбекистон йили»нинг мантиқий давоми бўлмиш «Ўзбекистонда Қозоғистон йили»ни ўтказиш дастури лойиҳаси бўйиша ҳам фикр алмашилган.

Қозоғистон ТИВ раҳбарининг қайд этишича, икки давлат президентларининг сиёсий иродаси туфайли икки томонлама муносабатлар юқори даражага чиқди ва барқарор ривожланиш тусини олмоқда. Вазир томонидан мамлакатлар ўртасида барча соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш учун йирик имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Учрашувда Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Илҳом Неъматов Остонада қурилаётган Ўзбекистон элчихонаси биноларини бориб кўрганди.

Мавзуга оид