Kun.uz сайтида 14 февраль куни «Андижондаги «унутилган» маҳалла аҳолиси қандай кун кечиряпти ёхуд «Маҳалламиз номини ўзгартириб беришсин!» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди. Унда Андижон тумани, «Хирабек» МФЙ, Боғи Эрам қишлоғидаги ичимлик суви, болалар боғчаси, тиббиёт муассасаси муаммолари, ҳудуддаги аҳоли бандлиги, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар масалаларига оид камчиликлар ёритилганди.

Мазкур мақола кенг омма эътиборига ҳавола қилингач, Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоятнинг турли соҳа мутасаддилари билан ҳудуддаги муаммоларни ўрганиб чиқиб, аҳоли вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашув давомида аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларни бартараф этиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ белгиланган режа бўйича иш олиб бормоқда.

Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддинов ҳудудда бир қатор ишлар якунига етгани ҳақида маълумот берганидан сўнг, Боғи Эрам маҳалласига бордик.

Дарҳақиқат, маҳаллада ичимлик суви муаммосини ҳал қилиш бўйича ўтган ўн кун давомида катта ишлар олиб борилган. Боғи Эрам ҳудуди адирнинг юқори қисмида жойлашгани сабабли, маҳалладан 6 километр пастга 200 метр баландликка сув отиш қувватига эга 45 кВтли сув насоси ўрнатилиб, унинг атрофини қўрғон девор билан ўраш ишлари якунига етган. 6 километр масофага сув тармоғи тортилиб, маҳалланинг асосий кўчаларига жадвал асосида ичимлик суви бериш бошланибди. Кичик кўчаларда қувур ётқизиш ишлари давом этмоқда. Сув тармоғи бир маромда ишлаши учун қўшимча 200 миллион сўмлик лойиҳа амалга оширилган. Маҳалладаги сув иншооти ишга тушиб, атрофи қўрғон девор билан ўралган.

«Боғи Эрамда ўзгаришлар жуда катта. Маҳалламизга ичимлик суви етиб келди. Вилоят ҳокими билан бўлган учрашув давомида, бошқа йиғилиб қолган бир қатор муаммоларимизни ҳам айтган эдик, улар ҳам ҳал бўлди»,- дейди фахрий ўқитувчи Мукаррамхон опа Йўлдашева.