Тожикистонда 27 ёшли Муҳайё Ёқубова ўз фарзандининг соғлиғига жиддий зарар етказганлиги учун 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм 26 феврал куни Рудакий туман судида чиқарилди.

Рудакий туманидаги Сарикишти қишлоғида яшовчи Муҳайё Ёқубова ўғлининг танасига 10 та металл игнани атайин тиққан, бунинг натижасида бола жиддий зарар кўрди, дея хабар беришган «АП» суддан. Аммо, улар онани бундай шафқатсиз хатти-ҳаракатни амалга оширишга нима ундагани бўйича маълумот бермаган.

Фото: Видеодан кадр

«Тожикистон Жиноят кодексининг 110-моддаси (Соғлиққа қасддан оғир шикаст етказиш) бўйича аёл айбдор деб топилди. Ҳукм кучга киргунга қадар у озодликда бўлади: аёл 10 кун ичида суд қарори бўйича шикоят билан чиқиши мумкин», - дея таъкидлаб ўтишган судда.

Фото: Видеодан кадр

Шу билан бирга, Муҳайё Ёқубова ўзини айбдор деб ҳисобламаяпти. «Озодлик» радиоси билан суҳбатда у чақалоққа игналарни тиқмагани ва ҳеч қачон бундай қилмаслиги ҳақида  айтган.

Аёл 2018 йил июль ойида ўз фарзанди соғлиғига жиддий зарар етказганликда гумонланиб қўлга олинган. Аввалига, у Россияда ишлаётган эрини қайтариш учун шу ишни қилганини айтди. Кейинчалик буни рад этди ва милиция ходимлари таҳдиди остида тан олганини билдирди.

Июнь ойи охирида 9 ойлик Мудассирнинг яқинлари танасида игна борлиги пайқаб қолишган ҳамда шифокорларга мурожаат қилишган. У Миллий тиббиёт марказига олиб кетилди, шифокорлар эса ИИВга ушбу ҳолат ҳақида хабар беришди.

Рентген орқали текширувда боланинг боши, бурнининг остки қисми, оёқлари, бўйни, кўкрак қафаси ва бошқа аъзоларида игналар борлиги аниқланган. 

Айрим игналар тананинг ичига чуқурлаб кетгани оқибатида шифокорлар чақалоқни қайта операция қилишларига тўғри келган. Шифокорлар ўшанда бу игналар бола танасида камида уч ойдан бери мавжудлигини айтган эдилар.