Ўзбекистон | 02:23 / 27.02.2019
4509
3 дақиқада ўқилади

Йил сўнгига қадар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқаролар бўйича электрон маълумотлар базаси шакллантирилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва фуқароларга ижара шартномаси асосида беришни тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом ва Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни ижарага бериш ва ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланмоқда.

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомда асосий тушунчалар тавсифлаб ўтилиши билан биргаликда, турар жой майдонининг нормаси; уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш; фуқароларга уй-жойни тақдим этиш навбати; уй-жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш; турар жойга жойлашиш учун ордер бериш тартиби; турар жойларни алмаштириш; турар жойни қайта режалаштириш, бузиб қайтадан қуриш ва мукаммал таъмирлаш; хизмат юзасидан бериладиган турар жойлар каби боблар ўрин олган.

Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни ижарага бериш ва ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомда умумий қоидалар ва тушунчалар билан бирга турар жойни ижарага бериш тартиби; турар жойнинг ижара шартномасини тузиш ва бекор қилиш; ижара ҳақи; турар жойнинг ижара шартномаси бўйича ҳисоб-китоб қилиш; турар жойни топшириш ва қайтариб олиш тартиби; ижарага берилаётган турар жойнинг ҳисобини юритиш ва уни назорат қилиш каби қоидаларга аниқлик киритилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 январга қадар давлат уй-жой фондидаги турар жойларни олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали олинишини йўлга қўйиши, шунингдек, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқаролар бўйича электрон маълумотлар базасини шакллантириб, уларни расмий веб-сайтларига жойлаштирилишини ва мунтазам равишда янгилаб борилишини таъминлаши буюрилган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид