Бугунги кунда Давлат хизматлари агентлиги ҳақида кўп ёзилмоқда, кўп гапирилмоқда. Чунки ҳар биримизнинг давлат идораларига ишимиз тушади. Аҳолига бир жойда, тезкор, қулай, шаффоф ва сифатли хизмат кўрсатиш, навбатда туришларни кескин камайтириш, сарф-харажатларни тежаш, сансалорликнинг олдини олиш, халқ давлат идораларидан рози бўлишига эришиш, қимматли вақтни тежаш мақсадида ташкил этилган ушбу марказлар орқали қандай хизматлар кўрсатилмоқда?

«Жиззах шаҳар Давлат хизматлари марказида бугунги кунда ўндан зиёд ходим фаолият юритади. 2018 йил давомида Жиззах шаҳри бўйича 29 минг 270дан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди, — дейди марказ бўлим бошлиғи Зафар Юсупов. — Бугунги кунда юртдошларимизга замон талабларига мос равишда 37 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда, жорий йилнинг апрель ойидан эса хизматлар сони 50тага етказилди. Марказга келаётган фуқароларнинг мурожаатлари турлича: улар туғилганлик ҳақида гувоҳнома ҳужжатини расмийлаштириш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш ҳужжатларини расмийлаштириш, ипотека тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш учун рухсатнома бериш, тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини лицензиялашдан тортиб, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисида рухсатнома бериш ва ҳоказолардир. Бугунги кунда марказимиз томонидан турли ташкилот ва идораларда сайёр қабуллар ўтказилиб, учрашувлар ташкил қилинмоқда. Буларнинг бари фуқароларимизни марказимиздаги қулайликлар билан яқиндан таништириш ва уларнинг оғирини енгил қилишдир».
Қисқача таништирувдан сўнг Зафар Юсупов марказ бўйлаб кичик сайрга таклиф қилди.
«Кўриб турганингиздек, марказ эрталабдан гавжум. Бир кунда 600тагача мурожаатни ўрганамиз. Коммуникация тармоқларига уланиш, ижтимоий соҳалар билан боғлиқ масалалардаги ҳужжатлар марказимиз орқали тақдим қилинади. Бизга билдирилаётган ишонч эса янада яхшироқ ишлашга ундайди», дейди у.

«Биласизми, бир пайтлар тадбиркорлик қилиш ва рўйхатдан ўтиш учун бир неча идораларга бош суқиб соатлаб, ҳатто кунлаб идоралар йўлакларида вилоят марказидан пойтахтгача бир парча қоғоз учун сарсон-у саргардон бўлардик. Бугун эса бундай оворагарчиликларга чек қўйилгани қувонарли. Асаларичилик билан шуғулланаман. Бу ишни ривожлантириш мақсадида фирма ташкил қилдим ва унга «Адолат Тотли Асали» дея ном қўйдим. Таъкидлаш жоиз, расмиятчиликлар кўп вақт олмади. Тўловларни амалга оширишимиз билан тегишли ҳужжатларимизни қўлимизга олдик. Марказдаги барча ходимларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Улар чиндан ҳам зиммаларига юклатилган ишга масъулият билан ёндашишади», — дейди тадбиркор Абдуғани Камилов.




















