Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Чортоқ туманида барпо этилаётган «Чортоқ ресортс» санаторий-соғломлаштириш маркази билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг ҳар бир ҳудуднинг хусусияти ва имкониятидан келиб чиқиб, янги корхоналар ташкил этиш, иш ўринлари яратишга оид топшириғига асосан комплекс ишлар амалга оширилмоқда.

«Чортоқ ресортс» санаторийси қурилаётган адирлик ҳам яқин-яқингача қаровсиз жой эди. Маҳаллий тадбиркор ва хорижий инвесторларнинг жами 25 миллион долларлик сармояси эвазига бугун бу ерда 15 гектардан зиёд майдонда замонавий оромгоҳ бунёд этилмоқда.

Бу вилоятда тиббиёт туризми ҳамда экотуризмни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар очади. Санаторийнинг йод, бром, табиий радон ва бошқа минералларга бой шифобахш суви таянч-ҳаракатланиш аъзолари, юрак-қон томир ва асаб тизимлари, эндокринологик ва тери касалликларини даволашда яхши самара беради. Оромгоҳ 230 ўринли бўлади. 250 киши иш билан таъминланади.

Марказга ушбу ихтисосликлар бўйича энг малакали шифокорларни жалб этиш, шартнома асосида германиялик мутахассислар иштирокида тиббий кўриклар ташкил этиш режалаштирилган.

Ҳозирда даволаш ва ётоқ бинолари, оилавий дам олувчилар учун коттежлар, стандарт ва люкс хоналар бўладиган меҳмонхона барпо этилган. Ҳовли ва йўлакларни ёритиш учун қуёш панеллари ўрнатилган.

Яна бир эътиборли жиҳати, оромгоҳда иппотерапия йўлга қўйилади. Бу таянч-ҳаракат аъзолари ва кичик тос касалликларини даволашга ёрдам беради. Шу мақсадда ҳозирда отхона, очиқ ва ёпиқ манежлар қурилмоқда.

Шунингдек, сой сувидан самарали фойдаланиб, балиқ етиштириш мақсадида тўртта ҳовуз барпо этилган. Уларда санаторий ошхонаси учун балиқ боқиш билан бирга дам олувчиларнинг балиқ тутиб, ҳордиқ чиқариши учун ҳам шароит яратилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентимиз ушбу соғломлаштириш марказида яратилган шароитларни кўздан кечирди. Чортоқда яна кўплаб санаторийлар ташкил этиш, уларни арзон, ўрта ва қиммат тарзда таснифлаш орқали аҳолининг барча қатламларини қамраб олиш, рақобатни таъминлаш орқали хизмат нархини тушириш бўйича топшириқлар берди.