Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг дастлабки қадамлари ташланганига 15 йилдан ошди. 2003 йили тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш учун «ягона дарча» тамойили бўйича Инспекциялар ташкил қилинган эди. 2016 йил 1 январдан бошлаб уларнинг негизида «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилди. 2018 йил 1 январдан улар Давлат хизматлари марказларига (ДХМ) айлантирилди.
Бугунги кунда аҳоли ва ишбилармонлар ўзларига зарур бўлган турли маълумотномалар, рухсатномалар, лицензияларни олиш ва бошқа кўплаб хизматлардан фойдаланиш учун ДХМга мурожаат қилишлари мумкин. Энди сиз турли идора ва ташкилотлар эшигини тақиллатиб юришингиз, раҳбарларининг имзоси, муҳрини кутиб ҳалак бўлишингиз шартмас. Бу хизматлар ДХМ томонидан, душанбадан жумагача, соат 9-00дан 20-00гача, танаффуссиз кўрсатилмоқда. Албатта бу тизим аҳолининг оғирини енгил қилмоқда, унинг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш учун қулай муҳит яратмоқда.
ДХМни ташкил қилишдан кўзланган мақсад – жисмоний ва юридик шахсларга юқори сифатли, тезкор, шаффоф хизмат кўрсатиш, бу соҳада бюрократия, сансалорлик ва энг асосийси коррупцияга йўл қўймаслик эди.
Давлат хизматлари рўйхатидан экология ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги хизматлар, архитектура ва қурилиш, ФҲДЁ ва нотариат хизматлари, ҳуқуқий хизматлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, кадастр, ижтимоий хизматлар, иқтисодиёт ва молия соҳасидаги хизматлар жой олган. Уларнинг сони ой, йил сайин ошиб бормоқда ва яқин келажакда 700га етиши кутилмоқда.
Хўш, бугунги кунда ДХМ қандай ишлаяпти, улар бу хизматларни аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатишга тайёрми, уларнинг камчилиги ва муаммолари нималардан иборат? – шу саволларга Хоразм вилоятининг баъзи туманларидаги ДХМ фаолиятини ўрганган ҳолда жавоб излашга ҳаракат қилдик.

Урганч шаҳридаги ДХМ, янги қурилган замонавий бинода жойлашган. Мурожаатчилар учун барча қулайликлар мавжуд: кутиш зали, юмшоқ ўриндиқлар, махсус касса ишлаб турибди. Одам гавжум бўлса-да, узундан-узун навбатлар йўқ.

Давлат хизматларини олис жойларга бориб кўрсатиш учун махсус жиҳозланган Isuzu автобуси бор. Туманларга бу мақсад учун Damas автомобиллари ажратилган.
























