Англия премьер-лигасининг 29-турида «Ливерпуль» «Эвертон»га қарши дерби учрашувида ғалаба қозонолмади. Қизиллар жамоаси етакчиси Муҳаммад Салоҳ бир неча голли вазиятларни кўкка совурди.
«Эвертон» - «Ливерпуль» - 0:0
«Эвертон»: Пикфорд, Коулман, Динь, Зума, Кин, Шнейдерлен (Андре Гомеш, 76), Сигурдссон, Гей, Уолкотт (Ришарлисон, 59), Бернард, Калверт-Льюин (Дженк, 74).
«Ливерпуль»: Алиссон, Матип, ван Дейк, Робертсон, Александр-Арнолд, Вайналдум (Милнер, 63), Ҳендерсон, Фабинью, Салоҳ, Мане (Лаллана, 84), Ориги (Роберту Фирминьо, 63).
Огоҳлантиришлар: Уолкотт, 7. Робертсон, 75. Фабинью, 79.
Ҳакам: Аткинсон.
3 март. Ливерпуль. «Goodison Park» стадиони.
Биринчи даврадаги дерби учрашувида мавсумнинг ёрқин эпизодларидан бири рўй берганди. «Эвертон» дарвозабони Пикфорд ўйиннинг охирги сонияларида ван Дейкнинг шундоқ ҳам дарвоза тўрига бориб тушмаётган кучсиз зарбасига тегиниб уни майдонга қайтарган ва пайт пойлаб дурган Ориги унинг хатосидан унумли фойдаланиб, ғалаба голини уриб кетганди. Агар хунук голлар рейтинги бўлганида бу гол рейтингнинг юқори қисмидан жой олган бўларди.
Ўша ғалаба эвазига «Ливерпуль» декабрь ойини кўтаринкилик билан бошлади ва ой охиригача 8 ўйинда очко йўқотмади. Ориги келтирган очколар эвазига Юрген Клопп жамоаси шу кунгача АПЛда пешқадамлик қилиб келди.
«Эвертон» бош мураббийи Марку Силва якшанба кунги дерби олдидан «Энфилд»даги ўйиннинг охирги сонияларини эслади: «Охирги сонияларда рақибнинг омади келганди. Улар бу голни худди жаҳон чемпионатида ғолиб чиққандек нишонлашганди. Албатта, биз ҳам бундай натижани катта муваффақият деб билган бўлардик».
«Эвертон»га ҳам очко керак, аммо «ирислар» энди еттинчи ўриндан юқорига кўтарила олмайди, бу ўрин эса ҳатто Европа Лигасига йўлланмани кафолатламайди - барчаси Англия Кубоги натижасига боғлиқ. Аммо «Эвертон»ни қўшниларининг оёғидан чалиб қолиш ҳарқачон хурсанд қилган. Айниқса ҳозирги вақтда - кўклар 2010 йилдан буён ҳамшаҳарларини мағлуб эта олишмаяпти. Ҳар ўйиндан кейин ғалабасиз серия давом этмоқда.
«Ливерпуль» таркибида Ориги мавсумда иккинчи марта бошланғич таркибда тушди. Лекин Клопп уни ўтган ўйиндаги қаҳрамонлиги учун эмас, мажбурликдан майдонга туширганди. Жамоанинг учинчи ҳужумчиси Роберто Фирминьо ўтган турда «МЮ»га қарши ўйинда жароҳат олган ва ҳали тўлиқ соғаймаганди. Бельгиялик футболчини мезбонлар осон қуролсизлантиришди, у бир соат давомида рақиб дарвозаси томон атиги бир марта зарба берди - хато кетди. Мане эса биринчи бўлимда майдонда кўзга ташланмади, асосий вазиятлар Салоҳ иштирокида кечди. Мисрлик футболчи вазиятлардан бирида майдон марказидаёқ тушунарсиз равишда йиқилди, яна бир вазиятда эса Маненинг оддий узатмасини қабул қила олмади. Салоҳ икки марта гол уриш учун қулай вазиятга эга бўлди. Биринчи зарбаси масофа яқинлиги учун Пикфорд томонидан осонлик билан бартараф этилган бўлса, иккинчи ҳолатда дарвозабон мухлисларнинг олқишларига сазовор бўлди, «Ливерпуль» етакчиси бирга-бир вазиятда гол уролмади.
















