Ўзбекистон | 12:22 / 06.03.2019
10125
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳукумат аъзоларини маъқуллаш тартиби белгиланди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги 522–II-сонли Қонунига қуйидаги қўшимчалар киритилди:

қуйидаги мазмундаги 22-1-модда билан тўлдирилди:

«22-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади ва лавозимидан озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзод у масъул қўмита, фракциялар ва депутатлар гуруҳлари томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилганидан кейин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилади ва маъқулланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг лавозимига номзод унинг номзоди Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётганда ва маъқулланаётганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасидаги ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳаракатлар режасини тақдим этади.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодни рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун янги номзодни киритади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланганидан кейин ўз вазифаларини бажаришга киришади»;

қуйидаги мазмундаги 32-2-модда билан тўлдирилди:

«32-2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Қонунчилик палатасининг фракциялари, депутатлар гуруҳлари, қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда Қонунчилик палатасининг мажлисида мажбурий равишда ва ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим бўлган фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурини бажариш бўйича ҳукумат фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ўз ичига олиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатаси қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади».

Мавзуга оид